Тошкентда мактаб директори ўқувчини калтаклади. ИИБ ходими томошабин (видео)
3-саҳифа
−
20 Ноябрь 2023
14367QALAMPIR.UZ'га Тошкент шаҳридаги 217-мактаб директорининг ўқувчини калтаклагани акс этган видео келиб тушди. Ҳолат юзасидан шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расмий муносабат берди.
Қайд этилишича, видеода акс этган воқеа жорий йилнинг 19 сентябрь куни рўй берган. Шу куни 217-мактабнинг 8-“Б” синф ўқувчилари А.М. ҳамда Ш.И.лар синфхонасида ўзаро муштлашиб қолган. А.М. синфдошининг юзига мушт тушириб, тан жароҳати етказган.
Бундан хабар топган мактаб маъмурияти ўқувчиларни директор хонасига чақирган. Мактаб директори Й.Ш. маъанавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Г.Х., Чилонзор туман инспектор психологи, катта лейтенант М.И. гувоҳлигида ўқувчилар билан тушунтириш ишлари олиб борган. Ўқувчи А.М.га танбеҳ бериш чоғида мактаб директори жаҳл устида уни сўкиб, калтаклаган ва тартибга чақирган.Видеодан кўриниб турибдики, мактаб директори ўқувчини ураётган вақтда инспектор воқеага томошабин бўлиб ўтирибди.
Юқоридаги ҳолат юзасидан туман ҳокими ўринбосари, мактаб маъмурияти, ўқитувчилар, ИИБ ходимлари ва ота-оналар иштирокида ҳам йиғилиш ўтказилган.
Айни пайтда воқеа ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўрганилмоқда.
“Ҳурматли педагоглар! Ўқувчиларга нисбатан зўравонлик ишлатиш, жумладан, уларни ҳақоратлаш, калтаклаш педагог этикасига тўғри келмаслигини, бунинг учун қонунчилигимизда жазо чоралари белгилаб қўйилганлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз. Юқоридаги каби хунук ҳолат педагог обрўсига путур етказади, холос”, дейилади хабарда.