Тошкентда кунига 20 тоннадан ортиқ пахта тера оладиган трактор ишлаб чиқарилди

Жамият 7719

Ўзбекистонда пахта йиғим-терими мавсуми бошланди. Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи пахтакорлар ишини енгил қилиш мақсадида янги СE-220 русумли пахта териш машиналарини ишлаб чиқарди. QALAMPIR.UZ ушбу янги техникалар билан танишиш мақсадида Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводида бўлди. 

Президент Шавкат Мириёев ташаббуси билан замонавий, юқори самарали пахта териш машиналарини ишлаб чиқариш ва теримни машинада ташкил этиш ҳисобига пахта теримини механизациялаш даражасини ошириш мақсадида 2020 йил 14 январда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Республика ҳудудларида пахта ҳосили теримини механизациялаш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 21-сон қарори қабул қилинди.

Ҳозирда заводда 492 дона (шундан, 192 дона СЕ-220 русумли, 300 дона МХ-1.8 русумли) пахта териш машиналари ишлаб чиқарилиб, шундан, 106 дона СЕ-220 русумли пахта териш машиналари қишлоқ хўжалиги корхоналарига етказиб берилган. 

СЕ-220 русумли пахта териш машиналари трансформер шаклида ишлаб чиқарилаётган бўлиб, мавсумда пахта териш машинаси сифатида қолган даврларда универсал-ҳайдов трактори сифатида фойдаланиш имконини беради. Шу билан бирга, машина теримига ажратилган далаларнинг қаторлар ораси кенглигига мос равишда (76 см ёки 90 см) пахта териш машинаси агрегати кенглигини созлаш имконияти мавжуд.

“Бу тракторнинг аввалги пахта териш машиналаридан фарқи, бу горизонталь шпинделли пахта териш машинаси ҳисобланади. Агар агрофон яхши тайёрланган бўлса, кунига 20 тоннадан ортиқ пахта териш имкониятга эга бўлади. Бу эса 400 зиёд одамни оғир меҳнат қилишдан озод қила олади.

Ушбу машинада турли мосламалар мавжуд. Пахта териш мавсуми тугаганидан сўнг трактор пахта териш машинасидан ажратиб олинади ва 110 от кучига эга ТД5 тракторига айланади. Бу эса ундан даланинг бошқа ишларида ҳам фойдаланса бўлади дегани. 

Агар пахта ушбу машинада терилса, унинг сифати оз бўлса-да ўзгаради. Бунда далага яхши ишлов берилмагани, барг қолгани сабаб бўлиши мумкин.

Тракторнинг ёқилғи сарфига ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш зарур. У соатига барча кўрсаткичлар бўйича 13,8 литр ёқилғи сарфлайди.

Ҳайдовчи тракторни бошқариш учун ўқитилади. Заводни ўзида махсус ўқитиш тизими ташкил қилинган. Бундан ташқари, фермер хўжаликларига бориб кўрсатмалар беришимиз мумкин”, дейди Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи Бош технологи Мурод Эргашев      

Қайд этилишича, тижорат банклари томонидан ажратилаётган паст фоизли кредит маблағлари ҳисобига СЕ-220 русумли пахта териш машиналари 10 йил муддатга, МХ-1.8 русумли пахта териш машиналари эса 7 йил муддатга устувор равишда пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликларига етказиб берилмоқда.

Феруза Нажмиддинова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 151
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×