Тошкентда коронавирусдан даволанаётган 8 беморнинг аҳволи оғир
Жамият
−
29 Апрель 2020
5738Тошкент шаҳридаги клиникаларда COVID-19 касаллигидан даволанаётган беморларнинг 8 нафари оғир аҳволда қоляпти. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков маълум қилди.
“Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, ушбу институт клиникасида даволанаётган 86 беморнинг 16 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 2 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир.
Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 79 бемордан 1 нафарининг аҳволи оғир.
Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида даволанаётган 105 бемордан 26 нафарида пневмония клиник белгилари бор, 4 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланяпти”, деди Нурмат Отабеков.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача вирус юқтирганлар 1955 нафарга етди. Бугунгача беморларнинг 992 нафари соғайган ва 8 нафари вафот этган. Ҳозирда 955 киши коронавирусдан даволаняпти.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси