Тошкентда колбасадан куйдирги касали тарқаляптими? ССВ баёнот берди

Саломатлик 6927
image

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида қассобчилик билан шуғулланган фуқаронинг куйдирги касаллигидан ўлгани ва ушбу касаллик билан зарарланган гўшт Тошкент шаҳридаги колбаса ишлаб чиқариш цехларига тарқатилгани, шу боис колбаса ва сосиска маҳсулотларини истеъмол қилмаслик лозимлиги ҳақидаги аудиомурожаат тарқалди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур аудиоёзувни атрофлича ўрганиб, қуйидагиларни маълум қилди. 

“Охирги ойларда вазирлик тасарруфидаги шифохоналарга куйдирги касаллиги аломатлари билан аҳоли томонидан ҳеч қандай мурожаатлар бўлмаган ва ўлим ҳолати умуман қайд этилмаган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматовнинг қайд этишича, куйдирги касаллигини ташқи муҳитда (тупроқда) ўта чидамли бўлган бактерия қўзғатади. Ушбу касаллик, асосан, терида очиқ яралари бўлган инсон томонидан касалланган чорва молларини сўйиш жараёнида юқиши мумкин. Касаллик одамларда асосан терида яра шаклида, ҳайвонларда эса септик шаклда учрайди. Мазкур касаллик ҳайвонлардан одамларга юқади, касал одамдан соғлом одамга юқмайди.

Қолаверса, юқори даражадаги ҳароратда ишлов берилган барча озиқ-овқат маҳсулотларида куйдирги касаллиги микроблари нобуд бўлиб, касаллик келтириб чиқариш хусусияти йўқолади. Яъни колбаса ва сосиска маҳсулотлари тайёрланиш жараёнида кучли термик ишловдан ўтказилиши натижасида гўшт маҳсулотидаги барча турдаги микроблар, жумладан, куйдирги қўзғатувчилари ҳам нобуд бўлади. Шу боис ҳам колбаса маҳсулотлари куйдирги касаллигини келтириб чиқармайди.

Аҳолидан бу каби асосланмаган хабарларга, турли миш-мишларга ишонмасликларини, бу борада умуман хавотирга ўрин йўқ эканлигини таъкидламоқчимиз”, дейилади Соғлиқни сайлаш вазирлиги хабарида. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 192
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×
×