Тошкентда катта синф ўқувчиси 3-синф ўқувчининг велосипедини тепиб йиқитди (видео)
3-саҳифа
−
14 Октябрь 5363
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Бектемир туманида 9-синф ўқувчиси 3-синф ўқувчисига тан жароҳати етказгани ҳақида ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси муносабат билдирди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 4 октябрь кунитахминан соат 16:20 ларда Бектемир туманидаги 290-сонли мактабда 2010 йилда туғилган С.А. 2016 йилда туғилган Ф.А. билан ўзаро оғзаки гап талашиб қолган. Оқибатда С.А. вояга етмаган Ф.А. ни велосипедда учиб кетаётган вақтида оёғи билан тепиб, Ф.А. юз қисми билан йиқилиб тушишига сабабчи бўлган.
Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, вояга етмаган Ф.А. да “юқори лаб ўнг томонлама шиллиқ қавати эзилиб, йиртилган яраси, юқори жағ ўнг томонлама иккинчи тиши тўлиқ чиқиши, юқори жағ ўнг томонлама 1-тиши нотўлиқ чиқиши, бош пешона чап ёноқ чап лунж, чап елка камари, иккала кафт соҳалари, юмшоқ тўқималари лат ейишлари ва шилинмалари” жароҳатлари борлиги аниқланган. Ушбу жароҳатлар оғирлик даражасига кўра, соғлиқни қисқа муддатга бузилиши олиб келган енгил тан жароҳатлари деб баҳоланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бектемир тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Текширув жараёни Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи томонидан шахсан назоратга олинган.
Билдирилишича, ҳозирда вояга етмаган С.А.нинг онасига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, маъмурий жавобгарликка тортилган. Шунингдек, мактаб маъмурияти ва ота-оналар билан профилактик тушунтириш ишлари олиб борилиб, келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан тегишли чоралар белгилаб олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Сергели тумани 300-мактабда 4-синф қиз 5 нафар ўғил бола синфдошлари томонидан калтаклангани ҳақида хабар берилганди.