Тошкентда 4-синф қиз ўғил бола синфдошлари томонидан калтакланди (видео)
3-саҳифа
−
13 Октябрь 11790
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Сергели тумани 300-мактабда 4-синф қиз 5 нафар ўғил бола синфдошлари томонидан самосуд қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълим бошқармаси муносабат билдирди.
Сиздирилган видеоларда 4-синфда ўқийдиган 9 ёшли қизга нисбатан зўравонлик ҳолати акс этган. Кадрда беш нафар ўғил бола синфдошлари уни 4-қаватдан 1-қаватгача қувлаб тушгани кўринади. Улардан бири қизнинг елкасига мушт билан урган, бошқаси оёғи ва белига тепган, яна бири сакраган ҳолда белига зарба берган. Оқибатда қиз йиқилиб тушган. Шундан сўнг, болалар унга кетишга имкон бермаган, бешинчи бола эса қизнинг кўкрак қафаси – юрак соҳаси жойлашган қисмига сакраб тепган. Зарба оқибатида қиз ерга йиқилган.
Мазкур ҳолат Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан назоратга олинган бўлиб, ишчи гуруҳ томонидан ўрганилган. Маълум қилинишича, ҳолат 20 сентябрь куни бўлиб ўтган. Мактабнинг 4-синф ўқувчиси И.А.(қиз бола) ва синфдош ўғил болалар ўртасида дарсдан сўнг низо ортидан жанжал келиб чиққан. Мактаб маъмурияти бу ҳолат юзасидан ҳудуд профилактика инспектори ва мактабга бириктирилган инспектор психологларга хабар берган.
Ўрганиш натижаларига кўра, И.А. билан жанжаллашган ўқувчилар – И.А. ва Э.Ж.нинг ота-оналари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддаси (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) билан маъмурий жавобгарликка тортилган.
“Бу каби ҳолатларга қайта йўл қўймаслик мақсадида ота-оналар билан йиғилиш ўтказилиб, тушунтириш ишлари олиб борилди ҳамда мактаб директори ва масъулларга интизомий чора кўрилди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олмалиқда ўқитувчи ўқувчиларнинг пешонасига “2” қўйганди.