Тошкентда қурилиш туфайли 500 дан ортиқ дарахт кўчирилиши мумкин
Жамият
−
29 Сентябрь 2023
4353Тошкент шаҳрида 500 дан ортиқ дарахт кўчирилиши мумкин. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 27 сентябрь куни Яккасарой тумани ҳудудидаги Бобур кўчасини Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти билан боғлайдиган ҳамда Содиқжон Толипов кўчасига туташ йўл ўтказгичлар қурилиши лойиҳаси доирасида дарахтларни кўчириш масаласи муҳокама қилинган.
Лойиҳа доирасида дарахтларни кўчириш бўйича “Кўприк қурилиш” акциядорлик жамияти томонидан, Давлат хизматлари маркази орқали Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасига мурожаат келиб тушган. Мазкур лойиҳанинг биринчи босқичи 2023 йил ноябрь ойида якунланиши ва йўл ҳаракати қисман йўлга қўйилиши кўзда тутилган.
Маълум қилинишича, айни пайтдаги йўл ўтказгич суткасига 36 000 та автомобиль ўтказиш қувватига эга бўлиб, амалда соатига 1500 та автомобиль ҳаракати учун хизмат кўрсатади. Қурилаётган йўл ўтказгич эса соатига 6 000 та автомобиль ўтказа олиши, яъни суткасига 144 000 та автомобиль ҳаракатини таъминлай олади. Бу эса тирбандликнинг олдини олади ҳамда ҳавога чиқадиган чиқинди газларини 4 баробаргача камайтиради.
Дастлаб 1,4 мингта дарахт ва буталарни кўчириш режалаштирилган, чунки лойиҳа хиёбон ҳудудининг бир қисмини ҳам ўз ичига олган. Лойиҳа дизайни ўзгаргач эса кўчирилиши керак бўлган дарахтлар сони камайган. Айни дамда биринчи босқичда 69 та дарахтни кўчириш режалаштирилган, жами эса 500 дан ортиқ дарахт кўчирилиши мумкин. Ҳар бир кўчирилган дарахт уч йил давомида парвариш қилинади.
Ҳар бир кўчирилган дарахт ўрнига 10 тупдан кўчат ўтқазилиши, улар махсус ўғитлар ёрдамида парваришланиши айтиб ўтилган. Муҳокамада қатнашган Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербоев бу жараённи Экология вазирлиги назорат қилишини таъкидлаган.