Тошкентда Қатарнинг Ўзбекистондаги элчихонаси очилди
Жамият
−
08 Май 2023
4426Кеча, 7 май куни Қатарнинг Тошкентдаги элчихонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Қатар Давлати Ташқи ишлар давлат вазири Султон бин Саад Ал-Мурайхий билан учрашган. Ўзбекистон ва Қатар Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар чоғида сиёсат ва дипломатия, савдо-иқтисодий, транспорт, энергетика, фан ва маданият соҳаларида ҳамкорликни фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинган. Бундан ташқари, халқаро ва минтақавий сиёсат масалалари, жумладан, Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилган.
Шу куни икки давлат ҳукуматлари, дипломатик корпус ва жамоатчилик вакиллари иштирокида Қатарнинг Тошкентдаги элчихонасининг очилиш маросими бўлиб ўтган.
Тадбирда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов сўзга чиқиб, Ўзбекистон томони Қатарни араб дунёсидаги муҳим, ишончли ва истиқболли ҳамкор деб билишини таъкидлаган. Қатар дипломатик миссиясининг очилиши икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очиши, уларнинг амалий мазмун билан бойишига хизмат қилишига ишонч билдирган.
Маълумот учун, 2022 йилнинг охирида Қатарнинг Тошкентда элчихонаси очилиши ҳақида маълум қилинганди. Ўшанда Ўзбекистонга Қатарнинг янги элчиси Ҳасан Ҳамза Ҳошим келган эди.
LiveБарчаси