Тошкентда қалбаки пуллар ишлаб чиқарган жиноий гуруҳ ушланди
3-саҳифа
−
12:04
3877Тошкент вилоятида яшаш хонадонида 100 минг сўмлик купюра ёрдамида 28 млн 300 минг сўм миқдоридаги қалбаки пулларни тайёрлаган жиноий гуруҳ ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, ўтказилган тезкор тадбир давомида Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида яшовчи 1999 йилда туғилган шахс фуқарога 3 минг АҚШ доллари эвазига 6644 дона 20 минг сўмлик купюрадаги жами 132 млн 880 минг сўмга тенг бўлган қалбаки пуллар, 2 дона алюминий сих, қалбаки пулларни ўрашга мўлжалланган қоғоз боғлагич ва елим халталарни сотаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ушбу тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур шахс ушбу қалбаки пулларни Тошкент вилояти Оҳангарон туманида яшовчи бошқа бир шахсдан сотиб олганлиги маълум бўлган.
Аниқланишича, Оҳангарон туманида яшовчи 1997 йилда туғилган фуқаро 1993 йилда туғилган шахс билан жиноий тил бириктириб, кўп қаватли уйлардан биридаги хонадонни ижарага олган. У ерда рангли чоп этиш мосламаларидан фойдаланган ҳолда, 100 минг сўмлик қалбаки купюраларни ишлаб чиқараётганлиги аниқланган.
Тезкор тадбир давомида ушбу хонадондан 1 дона чоп этиш қурилмаси, 28 млн 300 минг сўм миқдоридаги қалбаки пуллар, 400 минг сўм чоп этишда ишлатиладиган 100 минг сўмлик ҳақиқий пуллар, қоғоз пулларни қирқиш учун дастгоҳ, қалбаки пулларни боғлаш учун мўлжалланган қоғоз боғлагич ва елим халталар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (Қалбаки пул, аксиз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) 2-қисми “б” ва “в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида 200 минг сўмлик қалбаки купюраларни тайёрлаган шахслар қўлга тушганди.
LiveБарчаси