Тошкентда иккита автобус ёниб кетди
3-саҳифа
−
26 Февраль
11127Бугун, 26 февраль куни Тошкент шаҳри ва вилоятида ҳаракатланувчи иккита автобусда ёнғин содир бўлди. "Тошшаҳартрансхизмат" ҳолат юзасидан изоҳ берди.
Аниқланишича, биринчи ҳолат 8:24 да "1-Автобус саройи" филиали тасарруфидаги Mercedes-Benz русумли автобус билан юзага келган. 174-сонли "Жумабозор қўрғони – Авиасозлар АШБ" йўналишида ҳаракатланувчи автобусда тормоз тизимида носозлик сабаб ёнғин чиққан.
"Воқеа жойига ФВВ Ёнғин қутқарув бўлинмаси тезкор гуруҳи чақирилиб, ёнғин қисқа вақтда бартараф этилган. Мазкур ҳодиса натижасида тан жароҳати олганлар йўқ", дейилади изоҳда.
Мазкур автобус 2013 йилда ишлаб чиқарилгани ҳамда тасарруф бошидан буён 862 минг 425 км масофани босиб ўтгани ҳам маълум қилинган.
Қайд этилишича, ҳозирда "Тошшаҳартрансхизмат" АЖнинг ишлаб чиқариш техник бўлими ходимлари томонидан хизмат текшируви олиб борилмоқда.
Иккинчи ёнғин 26 февраль куни соат 8:20ларда 33-йўналишда ҳаракатланувчи Mercedes-Benz автобусида содир бўлган. Ҳолат юзасидан "7-автобус саройи филиали" раҳбари Нодирхон Хўжаев ўзининг видеомуносабатида 33-йўналишда ҳаракатланувчи автобусда қисқа туташув бўлгани айтилган. Аммо тармоқларда тарқалган видеода автобус ёнаётгани яққол кўринган.
Қайд этилишича, ҳозирда транспорт автобус саройига олиб келинган ва туташув сабаблари техник ходимлар томонидан ўрганилмоқда.
Сарвар Хуррамов
LiveБарчаси