Тошкентда икки йўловчи автобуси тўқнашиб кетди
Crime
−
14:54 1924 1 minute
Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида икки йўловчи автобуси тўқнашиб кетди. Оқибатда бир нафар йўловчи тан жароҳати олди. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса жорий йилнинг 2 август куни соат 08:10 атрофида Амир Темур шоҳ кўчасидаги “Юлдуз” бекати олдида юз берган. 2-автобус саройига қарашли 17-сонли йўналишда ҳаракатланган Yutong автобуси ҳайдовчиси эҳтиётсизлик оқибатида бекатда тўхтаб турган 18-автобус саройига тегишли 85-сонли йўналишдаги Yutong электробусининг орқа қисмига урилган.
Ҳодиса оқибатида бошқа автобусдаги бир нафар йўловчи тан жароҳати олган. Ҳайдовчи уни зудлик билан тез тиббий ёрдам автомобилида Тошкент давлат тиббиёт университети стоматология клиникасига олиб борган. Жабрланувчига зарур тиббий ёрдам кўрсатилгач, уйига жавоб берилган.
Билдирилишича, йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида техник шикастланган ҳар икки автобусни қайта йўналишга чиқариш бўйича таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур ҳолат Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан белгиланган тартибда расмийлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида Tracker ва йўловчилар билан ҳаракатланиб келаётган автобус ўзаро йўл-транспорт ҳодисасини содир этган эди.