Тошкентда ИИББ ходимлари ва аёллар ўртасида можаро юз берди

Жамият 9455
image

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари аёлларни хизмат автомобили томон олиб кетаётганлиги акс этган видеотасвир тарқалмоқда. ИИББ Матбуот хизмати ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Унга кўра, кеча,14 апрель куни тахминан соат 21:30 да Қоратош ва Бунёдкор кўчалари кесишмасида Тошкент шаҳар ИИББ патруль-пост хизмати ходимлари автомобиллар қатнов қисмида фарзандлари билан тиланчилик қилиб ҳайдовчиларга ҳалақит бераётган уч нафар аёлларни кўришган.

Аёллар тиланчилик қилиш маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланиши ҳақида огоҳлантирилиб, уларнинг шахсларини аниқлаш мақсадида Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ 2-сон Ички ишлар бўлимига таклиф қилинган. Бунга жавобан аёллар атрофдагиларнинг раҳмини келтириш учун бақириб, ходимларга фаол қаршилик қила бошлашган. Ички ишлар бўлимига олиб келинган шахслар Самарқанд вилоятилик икки фарзандли 25 ёшли Маҳлиё Ю., 30 ёшли Зуҳра Ш. ва 25 ёшли Санобар У. эканлиги, шунингдек улар муқаддам бир неча маротаба огоҳлантирилгани аниқланган.

Қайд этилишича, бундан аввал ходимлар мазкур аёлларни йўл қисмида тиланчилик мақсадида болаларидан фойдаланаётганини гувоҳи бўлишган. Бу аёлларнинг йўл қатнов қисмида тиланчилик қилиши нафақат уларнинг ўзлари, балки норасида гўдакларининг ҳаёти учун ҳам хавфли бўлиб, камига бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳаётини ҳам хавф остида қолдирган.

“Аёлларга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний чора кўрилиши учун терговга қадар текшируви ўтказилмоқда, натижаси ҳақида қўшимча хабар берилади”, дейилади ИИББ хабарида.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 414
Рейтинг: 3
Теглар
t
×