Тошкентда ички ишлар ходимининг формасида томоша кўрсатганлар қамалди
3-саҳифа
−
09 Февраль 2021
24212Жорий йилнинг 6 февраль куни ижтимоий тармоқларда ички ишлар органлари ходимининг формасида бўлган номаълум шахс автотранспорт капотида бўла туриб йўл бўйлаб ҳаракатлангани акс этган видео тарқалди.
Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизмати ҳолат юзасидан расмий маълумот бериб, мазкур видеолавҳани суратга туширишда қатнашган кишиларнинг шахслари Юнусобод тумани ИИО ФМБ ходимлари томонидан аниқланганини маълум қилди.
Текширув давомида аниқланишича, жорий йилнинг 18 январь куни 24 ёшли Абдураҳмон З. таниши 24 ёшли Алим К. билан бирга виделавҳа суратга олиш ниятида дўконлардан бирида ички ишлар органи ходимининг формасини ижарага олишган. Шунингдек бозордан йўл-патруль хизмати ходимининг жезлига ўхшаш жезл ҳам харид қилишган. Мазкур шахслар таниши 34 ёшли Отабек К.дан “ВАЗ-2106” (давлат рақами 10 G 603 СА) русумли автомобилни вақтинчалик фойдаланиш ниятида олишган, аммо уни бошқаришга ҳуқуқлари бўлмаган.
Шундан сўнг, Юнусобод тумани Турғунбоев кўчаси “Ифтихор” маҳалласида Алим К. ички ишлар органи ходимининг формасини кийган ҳолда қўлида жезл билан автомобиль капотига ётган. Шу тарзда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг обрў ва шаънларига зарар етказувчи видеолавҳа суратга туширилиб, интернет тармоғида тарқатилган.
Иккала шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси (“Майда безорилик”) ва 209-моддаси прим. 1 (“Вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ходимларининг формали кийим-бошини қонунга хилоф равишда кийиб юриш”) бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Бундан ташқари, Абдураҳмон З.га нисбатан транспорт воситасини ишончномасиз бошқаргани учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 135-моддаси бўйича баённома расмийлаштирилган. Автомобиль эса жарима майдончасига жойланди.
Жорий йилнинг 8 февраль куни Юнусобод тумани жиноят ишлари бўйича суди томонидан Алим К. ва Абдураҳмон З.ларга нисбатан беш суткалик маъмурий қамоқ жазоси белгиланди.