Тошкентда ичида йўловчилари бўлган автобус бетон тўсиққа урилди (видео)
Жамият
−
14 Август 2023
13668Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида ичида йўловчилари бўлган автобус бетон тўсиққа урилди. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун, 14 август куни соат 15:10 ларда И.Б. бошқарувидаги “12-Автобус саройи” филиалига қарашли Saz Le-60 русумли, 184-сонли “Тошлоқ маҳалла - Сергели-4 мавзеси” йўналишида ҳаракатланаётган автобус Янгиҳаёт тумани, Тошкент халқаро автомобиль йўли бўйлаб ҳаракатланаётган вақтда, ўзи билан бир йўналишда бўлган тиркамали юк машинасининг халақит бериши оқибатида ҳайдовчи автобусни аввал ўнг тарафдаги симёғочга, сўнг йўлни ажратувчи бетонли тўсиққа бориб урган.
Мазкур йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида автобус салонидаги йўловчилар жароҳатланмаган, ҳайдовчи эса ўнг оёқ тизза соҳаси жароҳати билан 16-сонли Республика шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш илмий марказига юборилган. Saz Le-60 русумли автобус техник шикастланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри Яккасарой туманида автобус уриб кетган фуқаро вафот этган эди. 1988 йилда туғилган А. Д. Yutong русумли автобусини бошқариб кетаётиб, йўлнинг белгиланмаган қисмидан кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборган.