Тошкентда гул ифори. Байрамда бахтиёрлар (фоторепортаж)
Жамият
−
08 Март 4565 3 дақиқа
Одамларнинг юзида кулги, самимият камайиб кетгани ҳақида гаплар бот-бот қулоғимизга чалинади. Ростини айтсам, мен ҳам баъзан бу фикрларга қўшилиб кетаман. Аммо кеча, 7 март куни ишдан қайтаётганимда кўчада, метро бекатларида, ҳатто ишхонада ҳам одатдагидан бошқача кайфиятни ҳис қилдим. Ахир бу – 8 март арафаси.
Атрофимда гул тутган қиз-аёллар, совғасини яқинларига улашишга ошиққан эркаклар, қўлида букет билан турган тенгдошларим... Гўё шаҳарга бир лаҳзада қайтадан баҳор кириб келгандек. Ҳар кимнинг юзида табассум, кўпларнинг қўлида гул, кўнглида кимгадир илиқ сўз айтиш истаги бор. Шу куни Тошкентнинг оддий кўчалари ҳам байрамона тус олган.
Гарчанд бу йил 8 март якшанбага тўғри келиб, кўпчилик учун икки ҳисса дам олиш куни бўлса-да, мен кеча кўрган ўша илиқликни бугун кадрларга муҳрлаш кераклигини ҳис қилдим. Камерани кўтариб, Тошкент кўчаларига йўл олдим.



Кўчада учраган аёллардан сўрайман:
– “Гулни ким совға қилди?”
Жавоблар турлича:
– “Ўғлим берди”,
– “Турмуш ўртоғим”,
– “Дугонам совға қилди”,
– “Ҳали бермаган, кечқурун берармикан”, – дея кулганлар ҳам бўлди.






Энг яхши совға нима экани ҳақида сўраганимда эса жавоблар янада қизиқ. Кимдир ҳазил аралаш: “Ўзим энг яхши совғаман”, – дейди. Бошқаси гул, пул ёки телефонни айтади. Аммо кўпчиликнинг фикри бир жойда туташади: эътибор ва меҳр – энг катта совға.
Байрам арафасида гул сотувчиларнинг ҳам иши қизғин. Улар билан ҳам суҳбатлашаман.
– “Савдо қалай, юряптими?”
– “Қайда, одамларда пул йўқ”, – дейди бири хўрсиниб.
Ёнида турган яна бир сотувчи эса унчалик ҳам ёмон эмаслигини айтади:
– “Ҳозиргача 1 миллион 200 минг сўмлик гул сотдим”, – дейди у.
Унинг айтишича, бугунги кунда доналик лолалар тахминан 30 минг сўмдан, атиргуллар эса 50 минг сўмдан сотилмоқда. Айрим харидорлар бир нечта гул билан чекланса, баъзилар катта букети билан уйига шошади.


Йўлимдан бир киши чиқди. Қўли китобларга тўла. Қизиқиб сўрайман, маълум бўлишича, у совға учун китоб олган. Талаба қизи учун Хоразмдан келибди. Тошкентга келиб, аввало китоб дўконига кирганини айтади. Рус классикасидан, диний адабиётларгача.
Шу кичкина суҳбат ҳам байрам кайфиятини янада сездиради: кимдир атиргул билан, кимдир лола билан, яна кимдир эса китоб билан яқинларини хурсанд қилмоқчи. Байрамнинг чиройи ҳам шунда – ҳар ким меҳрини ўзича ифодалайди.

Кўчаларда айланар эканман, бир нарсани яна бир бор ҳис қиламан: байрамлар одамларни бир-биридан узоқлаштирмайди, аксинча яқинлаштиради. Аёлларнинг қўлида фақат гул эмас, ўйинчоқ, китоб, ширинлик ва ҳоказо. Балки кундалик ҳаёт ташвишлари орасида биз бундай илиқликни кўп сезмаймиз. Аммо шундай кунлар борки, оддий бир гул, кичик совға ёки самимий табассум ҳам одамларнинг кайфиятини ўзгартиришга етади.
Тошкент бугун гул ифорига тўлган. Кимдир онасига, кимдир севгилисига, яна кимдир устози ёки дугонасига гул тутган. Ва шу лаҳзаларда шаҳарнинг турли бурчакларида бир хил ҳиссиёт – қадрлаш ва меҳр яшайди.
Қуйидаги кадрлар ана шу лаҳзалардан.





















Live
Барчаси