Тошкентда “героин” савдогарлари ушланди (видео)
3-саҳифа
−
20 июл 1716 2 дақиқа
Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида катта миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини сақлаш ва тарқатишда гумонланаётган икки нафар шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, тезкор тадбирда икки нафар шахс ушланиб, уларга тегишли буюмлар ва автомашина кўздан кечирилганда қадоқланган гиёҳвандлик воситалари аниқланиб, холислар иштирокида далилий ашё сифатида расмийлаштириб олинган.
Тезкор суриштирувлар давомида гумонланувчиларнинг яшаш манзили ҳам кўздан кечирилиб, у ердан ҳам турли хилдаги гиёҳвандлик воситалари, шунингдек, уларни “закладка” усулида тарқатиш учун қадоқлашда фойдаланилган қадоқлаш материаллари, тарозилар, қайчи ва изолента топилган.
Қайд этилишича, тезкор тадбир давомида 1 килограмм 200 грамм “героин” ва 100 грамм “мефедрон”нинг ноқонуний муомалага чиқарилишининг олди олинган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) бешинчи қисми “а” ва “б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида қарийб 3,2 килограмм “героин”, “гашиш”, “мефедрон” ва “опий” мусодара қилиниб, бир неча шахс ушланганди.
Live
Барчаси