Тошкентда дорихона ва озиқ-овқат дўконлари раҳбарлари устидан назорат кучайтирилди – Прокурор

Жамият 6091
image

Тошкент шаҳрида дорихона ва озиқ-овқат дўконлари раҳбарлари устидан назорат уларнинг молия-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда кескин ва қаттиқ кучайтирилди. Тошкент шаҳар прокурори Баҳриддин Валиев Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг ўн учинчи сессиясида маълум қилди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Қайд этилишича, назорат олиб бориш мақсадида шаҳар прокуратурасида махсус штаб ташкил этилган ва ҳар бир туман прокуратурасида ишчи гуруҳлар тузилган.

Пойтахтда мавжуд 13 деҳқон бозори ва савдо комплексларига туман прокурорлари ўринбосарлари ва шаҳар прокуратураси таркибий бўлинмалар раҳбарлари бириктирилган.

Савдо ва карантин қоидалари бузилиши, шунингдек нархларнинг асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш ҳамда сунъий танқислик вужудга келишига йўл қўймаслик мақсадида 3 минг 304 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган қонуний чора тўғрисида расман огоҳлантирилган.

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда қатор назорат тадбирлари ўтказилмоқда.

Пойтахт деҳқон бозорларидаги нарх-навони барқарорлаштириш мақсадида “Даладан дастурхонгача” тамойили асосида 27 турдаги ижтимоий муҳим турдаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари интервенция қилиш йўли билан олиб келиниб, арзонлаштирилган нархларда сотилиши таъминланмоқда.

Назорат тадбирларида дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар билан савдо қилиш тўғрисидаги қонун хужжатлари талабларига амал қилмаслик ҳолатлари аниқланиб, тегишли чоралар кўрилмоқда.

Масалан, 16 мартдан шу кунга қадар ўтказилган тадбирларда 111 ҳолатда 836,1 миллион сўмлик тиббий ниқоблар, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ноқонуний савдоси аниқланган ва тегишли чора кўрилган.

Бундан ташқари, прокуратура, ички ишлар, давлат хавфсизлик хизмати, миллий гвардия ва бошқа мутассади идоралар вакилларидан ташкил топган ишчи гуруҳ томонидан карантин вақтида уйдан чиқмаслик, бозорларда нархларни сунъий оширмаслик ва бошқа ҳолатлар юзасидан ҳудудларда тушунтириш ва тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 113
Рейтинг: 3.1
t
×