Тошкентда дарахтларни бетондан қутқариш бўйича янги акция бошланди
Жамият
−
20 Апрель 2023
4688Бугун, 20 апрелдан Тошкент шаҳрида Табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов ташаббуси билан “Дарахтларни асрайлик” экоакцияси бошланди. Акция доирасида Тошкент шаҳрининг барча туманларидаги бетонланган ва асфалтланган дарахтлар қутқарилади, дарахтлардаги реклама баннерлари ва ёруғлик берувчи пластик буюмлар олиб ташланади.
Тадбирда Табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов ҳамда туман ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 4 та сектор, туманлар ҳудудий тузилмалари, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати органлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, экофаоллар иштирок этган.
Табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов ўз нутқида мазкур ташаббусдан кўзланган асосий мақсад бетонланган ёки асфалтланган дарахтларнинг пойдеворини очиш ва уларнинг бардавомлигини таъминлаш эканини алоҳида таъкидлаган.
“Бугун шаҳримизда кўплаб дарахтларнинг бетон ёки сунъий қопламалар билан ўралганлигини кўриш мумкин. Бу дарахтларнинг илдизларига ҳаво киришини камайтиради, нобуд бўлиш хавфини келтириб чиқаради. Шу билан бирга, тунги ёруғлик мосламаларини ўрнатиш орқали дарахтларга зарар етказиш ҳолатлари ҳам учраб турибди, бу уларнинг табиий ривожланиш жараёнига салбий таъсир кўрсатмоқда. “Дарахтларни асрайлик” экоакцияси мавжуд дарахтларни бетон ва асфальт қопламасидан, пластик ёриткичлардан (гулчалар, лампочкалар) ва реклама баннерларидан озод қилишга қаратилган”, дейди Абдуҳакимов.
Маълум қилинишича, Табиат ресурслари вазирлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси инспекторлари томонидан 11 та йирик йўл четида мониторинг ишлари олиб борилганда 250 турдаги манзарали ва мевали дарахтларнинг пойдевори бетонланганлиги аниқланган. Экоакция доирасида барча ҳолатлар бартараф қилиниши кўзда тутилган. Акция Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида давом этади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь