Тошкентда чет элликдан катта миқдорда пора олган ҳокимлик ходими ушланди (видео)
3-саҳифа
−
02 Апрель
13743Тошкентда чет эл фуқаросидан 70 минг доллар пора талаб қилган пойтахт ҳокимлигининг Юридик бошқармаси юристконсульти, Иқтисодиёт ва молия бош бошқармасининг бош мутахассиси ҳамда яна бир воситачи ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Юридик бошқармаси юристконсульти чет эл фуқаросига тегишли бўлган кўчмас мулк давлат эҳтиёжлари учун бузилгани сабабли компенсация сифатида суд қарори билан давлат томонидан ажратилиши белгилаб қўйилган 8,8 млрд сўмни тезлаштириб олиб бериш эвазига ўзининг 1979 йилда туғилган таниши орқали мазкур пул маблағининг 10 фоизини, яъни 70 минг доллар талаб қилган. Акс ҳолда, суд қарори юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги номидан кассация шикояти бериб, кўчмас мулкни қайта баҳолаш йўли билан, белгиланган компенсация миқдорини камайтириши мумкинлигини айтган. ДХХ ҳамда ИЖҚКД ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда воситачи хорижий фуқародан 70 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Сўров суҳбати давомида у бир муддат аввал юристконсультга ўз ҳисобидан 50 минг доллар бериб қўйганини айтиб, яна 15 минг долларни юристконсультга олиб бориб беришини, қолган 5 минг долларни эса ўзининг воситачилик хизмати учун олиб қолишни режалаштирганини маълум қилган.
Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, юристконсульт 15 минг долларни олган вақтида ушланган. Шунингдек, юристконсульт муқаддам ўзининг воситачисидан олган 50 минг доллардан 10 минг долларини компенсация маблағининг ўтказилиш жараёнини тезлаштириб бериши учун Тошкент шаҳар Иқтисодиёт ва молия бош бошқармасининг бош мутахассисига бергани маълум бўлган. Юрисконсульт кўрсатмаси асосида бош мутахасисс процессуал тартибда ушланган ҳамда юристконсульт 40 минг долларни, бош мутахассис эса 10 минг долларни ихтиёрий равишда тақдим қилган.
Шунингдек, “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиалининг Термиз шаҳар бўлими Газ таъминоти объектларини техник тиклаш ва ишлатиш хизмати бошлиғи Косон туманида яшовчи фуқаро юк автомашинасини бошқариб кетаётиб, автотранспорт воситасининг том қисми билан табиий газ қувурига шикаст етказгани ҳолати юзасидан тузилган далолатномани йўқ қилиш ҳамда 11 млн сўм миқдорида жаримага тортмаслик эвазига ундан 400 доллар ва 500 минг сўм талаб қилиб, 3 млн 900 минг сўм ва 100 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Терговга қадар текширув давомида у аввалроқ 500 минг сўм олгани ҳам маълум бўлди.
Бундан ташқари, кадастр агентлигининг Жиззах вилояти Зомин тумани бўлими етакчи инспектори 1997 йилда туғилган фуқаро ўзбошимчалик билан эгаллаб олган ер участкасида қурилиш ишларини амалга оширгани ҳолати юзасидан қўлланилган 75 млн сўм миқдоридаги жаримани танишлари орқали камайтириб, ноқонуний қурилган турар-жой биносининг ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 400 доллар олган вақтида ушланган.
Шунингдек, Давлат кадастрлар палатасининг Қашқадарё вилояти Косон тумани бўлими кадастр муҳандиси ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда маҳаллий фермер хўжалик раҳбари билан тил бириктириб, мансабдор танишлари орқали мазкур фермер хўжаликнинг 2 гектар сувли ер майдонини 60 млн сўмга ҳамда тегишли ҳужжатлари бўлмаган 35 сотих ер майдонини турар-жой тоифасига ўзгартириб, кейинчалик эгалик ҳуқуқини берувчи ҳужжатни расмийлаштириб бериш эвазига 525 млн сўм, жами харидордан 585 млн сўм талаб қилиб, олдиндан 17 минг доллар олган вақтида ушланган.
Яна бир ҳолатда Мажбурий ижро бюросининг Қарши шаҳар бўлими давлат ижрочиси жиноят оқибатида етказилган зарарни ундириш тўғрисидаги ижро иши юзасидан жабрланувчи фуқарога қайтарилиши лозим бўлган 554 млн сўмни унинг пластик картасига ўтказиб бериш эвазига муқаддам 2 млн сўм ва 100 доллар олиб, қўшимча 2 млн сўм олган вақтида ушланган.
Шунингдек, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖга қарашли “Энергосавдо” корхонасининг Сирдарё вилояти Ховос тумани бўлинмаси инспектори маҳаллий фермер хўжалик томонидан электр энергиясига ноқонуний уланиш натижасида давлат манфаатларига 14 млн сўм миқдорида етказилган зарарни йўқ қилиб, хўжаликни тармоққа қайта улаб бериш эвазига 7 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Билдирилишича, ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида солиқ ходими 10 млн 400 минг сўм пора билан қўлга тушган эди.
LiveБарчаси
Самарқанд иқлим форуми бошланди.
04 Апрель