Тошкентда боғча болаларига игна тиққан амалиётчи жаримага тортилди
3-саҳифа
−
08 Июнь 2023
6017Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманидаги 122-сонли мактабгача таълим ташкилотида амалиёт ўтаётган коллеж ўқувчиси боғча тарбияланувчиларига игна тиққани ҳақида хабар берилганди. У ва боғча тарбиячисига жарима жазоси тайинланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари маълум қилди.
Бугун, 8 июнь куни жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман судининг сайёр мажлисида 122-сонли боғча тарбиячиси С.Э. ва М.Р. (2003 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Андижон вилояти Пахтаобод туманидаги Педагогика коллежининг 3-босқич ўқувчиси) га оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилган.
Суднинг қарори билан икки нафар ҳуқуқбузар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддаси (енгил тан жароҳати етказиш) 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилиб, уларнинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.
“Ушбу қарордан норози тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясига шикоят бериши ва протест келтиришга ҳақлидир”, дейилади хабарда.
Суд томонидан Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бош бошқармаси бошлиғига содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан меҳнат муносабатларидан келиб чиқиб, расмий муносабат билдириш ва тегишли чора-тадбирлар белгилаш ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 313-моддаси тартибида тақдимнома ҳам чиқарилган.
Шунингдек, Янгиҳаёт туманидаги 122-сонли боғча мутасаддиларига рўйхатдан ўтмасдан туриб, тарбияланувчиларни қабул қилинганлик ҳолати ва улар учун тўловлар амалга оширилганини текшириб, қонуний баҳо бериш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 278-моддаси тартибида Янгиҳаёт туман прокурорига хабарнома юборилган.