Тошкентда белгиланмаган жойга чиқинди ташлаган фуқаро машинасидан айрилди
Жамият
−
29 Сентябрь 2023
6575Тошкентда белгиланмаган жойга иккинчи марта чиқинди ташлаган фуқаронинг ЗИЛ русумли юк машинаси мусодара қилинади. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди.
Тошкент тумани, Қорасарой маҳалласидан оқиб ўтувчи сув бўйига қурилиш чиқиндилари тўкиб кетилгани ҳудуддаги хонадонлардан бирига ўрнатилган кузатув камерасига тушиб қолган.
Тошкент вилояти Экология бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган суриштирувда ушбу маҳаллада яшовчи А.Т. ЗИЛ русумли юк машинасида қурилиш чиқиндиларини белгиланмаган жойга ташлагани аниқланган.
Унга кўра, A.T. аввал ҳам шундай ҳуқуқбузарлик содир этган ва 7 сентябр куни маъмурий жавобгарликка тортилиб, 1 миллион 650 минг сўм миқдорида жарима солинган. Орадан 8 кун ўтиб фуқаро томонидан такрор ҳуқуқбузарлик содир этилгани маълум бўлди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91(1)-моддасига (Белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш) кўра, ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, ҳуқуқбузарлик қуроли мусодара қилинади.
Шунга асосан, А.Т. юк машинаси вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига қўйилган. Мусодара қилиниши юзасидан ҳужжатлар тўпланиб, судга даъво аризаси киритилмоқда.
Акобир Сайидов
LiveБарчаси