Тошкентда Бельгия элчихонаси очилади 

Жамият

image

Ўзбекистонда Бельгиянинг доимий дипломатик ваколатхонаси фаолият бошлайди. Бу ҳақда “Eureporter хабар берди.  

Қайд этилишича, сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашган. Савдо, инвестициялар, логистика, саноат, таълим ва туризм соҳаларида қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шунингдек, парламентлараро мулоқот ва ҳукумат даражасидаги учрашувлар ҳам мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Мутахассислар фикрича, Бельгиянинг Тошкентда элчихона очиши Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги сиёсий ва иқтисодий аҳамияти ортиб бораётганини кўрсатади. Янги дипломатик ваколатхона икки мамлакат ўртасидаги сиёсий мулоқотни кучайтириш, савдо айланмасини ошириш ва янги инвестиция лойиҳаларини жалб этишга хизмат қилиши кутилмоқда. 

Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Бельгия ўртасидаги товар айланмаси бир неча баробар ўсган. Мамлакатда Бельгия капитали иштирокидаги қатор корхоналар фаолият юритмоқда, жумладан, тўқимачилик, логистика ва саноат соҳаларидаги йирик компаниялар ўзаро ҳамкорликни кенгайтирган.

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, Бельгия элчихонасининг Тошкентда очилиши нафақат икки давлат муносабатларини мустаҳкамлайди, балки Европа давлатларининг Марказий Осиёга бўлган қизиқиши ортиб бораётганини яна бир белгиси ҳамдир.

Маълумот ўрнида, Бельгия Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йилда тан олган ва расмий дипломатик алоқалар 1992 йилда ўрнатилган. Ўзбекистон 1995 йилдан буён Брюсселда ўз элчихонаси орқали Бельгия ҳамда Европа Иттифоқи институтлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Шу вақтгача Бельгиянинг Ўзбекистон билан муносабатлари асосан Остонадаги элчихонаси орқали мувофиқлаштириб келинган.

Икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми 2020 йилдаги 70 миллион доллардан 2024 йилда 212,7 миллион долларга ошган. Ўзбекистон асосан саноат маҳсулотлари, озиқ-овқат ва кимё маҳсулотлари экспорт қилади. Бельгиядан эса машиналар, саноат ускуналари, фармацевтика ва технологик қисмлар импорт қилинади.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент элчихона Бельгия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг