Тошкентда аттракциондан икки киши йиқилиб тушди
3-саҳифа
−
13 Июнь 2023
12943Тошкентдаги кўнгилочар боғда жойлашган аттракциондан 2 нафар шахс йиқилиб тушди. Бу ҳақда Миллий гвардия Матбуот хизмати хабар берди.
Унда айтилишича, жорий йилнинг 12 июнь куни тунги соат 22:10 лар атрофида Шайхонтоҳур туманида жойлашган “Анҳор-Локомотив” кўнгилочар боғида 24 ёшли Б.Э. ва 30 ёшли Т.М.лар ушбу боғда жойлашган “Мельница” аттракционидан йиқилиб тушган. Мазкур ҳолат учиш чоғида хавфсизлик камарларини тақмаганликлари оқибатида содир бўлган.
Шунингдек, мазкур боғда хизмат олиб бораётган Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари зудлик билан етиб келиб, чақиртирилган тез ёрдам келгунига қадар уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатган.
“Тез тиббий ёрдам бригадаси воқеа жойига етиб келгач, ходимлар уларга кўмак бериб, фуқароларни Чилонзор туманида жойлашган Республика тез тиббий ёрдам илмий марказига кузатиб қўйган”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, бундан олдин ҳам Фарғона вилояти Риштон туманида вояга етмаган қиз аттрациондан йиқилиб, тан жароҳати олган эди.