Тошкентда адвокат 15 суткага қамалган мижозини топа олмаяпти

Жамият

image

Тошкент шаҳрида 15 суткага қамалган фуқарони топиб бўлмаяпти. Маъмурий қамоқни ўташ муассасасида унинг ҳимоясидаги шахс ИИББда сақланаётганини айтишган, ИИББ эса ҳеч қандай маълумот бермаяпти, деб ёзмоқда “advokatnews” нашри.

“Madaminov Law Group” адвокатлик бюроси адвокати Мухсинжон Мадаминов МЖтКнинг 241-моддаси (“Диний таълимдан сабоқ бериш қоидасини бузиш”) билан маъмурий қамоқ жазосини ўтаётган шахсни уч кундан бери қидириб топа олмаётганини маълум қилди.

Мадаминовнинг айтишича, жазо 2020 йил 1 май куни тайинланган бўлиб, 4 май куни қамалган шахснинг қариндошлари унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши учун адвокат ёллашган (уларнинг илтимосига кўра маҳбуснинг исм-фамилияси, шунингдек суд номи кўрсатилмаяпти — Таҳр.).

Адвокатга кўра, у дарҳол ордер расмийлаштириб, ҳимоясидаги шахсни излашга киришган ва аввало Тошкент шаҳар ИИББга қарашли маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус муассасага (қонун тилида — “махсус қабулхона”) борган. Зеро, “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонунга биноан, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этгани учун қамалган шахслар бутун жазо муддатини шундай муассасаларда ўташлари лозим.

Бироқ махсус қабулхона ходими адвокатга унинг ҳимоясидаги шахс бу ерда эмаслигини, ИИББ биносининг ўзидаги ҳибсхонада сақланаётганини айтади.

“Аммо ИИББда менга умуман маълумот беришмади. Ҳатто карантин даври бўлгани учун юзма-юз учраштиришмаган тақдирда ҳам, телефон орқали суҳбатлашишга ҳаққим борлигини рўкач қилдим — фойдаси бўлмади”, дейди Мухсинжон Мадаминов.

Адвокатнинг айтишича, у ИИВнинг “102” ва “1102” қисқа рақамларига қўнғироқ қилиб ҳолатни тушунтирган ва ходимнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан шикоят қилган. Ўз навбатида улар ўзлари ҳам орада бир неча марта боғланиб, Мухсинжон Мадаминовдан қўшимча тафсилотларни сўраб-суриштирганлар.

Бироқ ҳанузгача ҳимояси остидаги шахс топилгани йўқ.

“Бу ерда инсоннинг тамал ҳуқуқларидан бири бўлмиш ҳимояланиш ва малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқидан ташқари, иккита қонун талаблари ҳам қўпол бузилмоқда.

Биринчидан, маъмурий қамоқ қўлланилган шахс маъмурий қамоқни ўташ муассасида мавжуд эмас. Бу эса “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонун талабларига зид;

Иккинчидан, мен ўзимнинг ҳимоям остидаги шахс билан ҳали-ҳануз учраша олмадим. Бу эса амалдаги “Адвокатура тўғрисида”ги қонун талаблари ва конституцион нормалар поймол бўлаётганини англатади”, дея таъкидлайди адвокат.

Мухсинжон Мадаминов ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га шикоят қилган, шунингдек профессионал фаолиятига тўсқинлик қилиниши факти бўйича Адвокатлар палатасига хабар берган.

PS: Мухсинжон Мадаминовнинг айтишича, ҳимоясидаги шахс “диншунослик” мутахассислиги бўйича ўрта-махсус маълумотга эга бўлиб, ўз уйида 5 нафар вояга етмаган шахсга “Қуръон” ўқишни ўргатгани ва “Муаллими соний” қўлланмаси асосида таълим бергани учун жазога тортилган. Кеча, 5 май куни маъмурий иш кассация босқичида кўриб чиқилиб, биринчи инстанция судининг қарори ўзгаришсиз қолдирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

ИИББ адвокат

Баҳолаганлар

354

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг