Тошкентда 86 ёшли аёл уйида қулфланган ҳолда қаровсиз қолдирилди (видео)

Local

image

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида яшовчи 86 ёшли аёл уйида устидан қулфланган ҳолда бир неча кун қаровсиз қолдирилди. Бу воқеа акс этган видеотасвирлар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Ҳолат юзасидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Бош прокуратура расмий муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеони қулфланиб қолган эшикларни очиш хизмати билан шуғулланувчи йигит тасвирга олган. Унга Мирзо Улуғбек туманидаги кўп қаватли уйларнинг бирида яшовчи кекса аёлнинг эшиги очилмаётгани ҳақида мурожаат келган.

Манзилга етиб борган йигит эшикни очгач, уйда ёлғиз қолган аёл уни ташқаридан қулфлаб кетишганини ва бир неча кундан бери оч қолдирилганини айтган.

Маълум қилинишича, аёлга тегишли хонадон аввалроқ бошқа шахс номига ўтказилган бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги воқеани алоҳида назоратга олганини маълум қилди. Агентликнинг ҳудудий масъуллари ва мутахассислари воқеа жойига чиқиб, аёлнинг ижтимоий аҳволи ва эҳтиёжларини ўрганган.

Ўрганиш давомида аниқланишича, фуқаро Л. Журавлёвага 2026 йил 11 июндан бошлаб уй шароитида ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш учун ваучер ажратилган бўлиб, унга ҳафтасига тўрт марта хизмат кўрсатиб келинган.

Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмаси хулосасига кўра, аёл когнитив бузилишлар ва томирли деменсия касаллигидан азият чекаётгани сабабли шифокорлар назоратида бўлган.

Воқеадан сўнг фуқаро қўшимча тиббий кўрикдан ўтказилган. Текширув натижасида унга 2–3 даражали дисциркулятор энцефалопатия, когнитив бузилишлар, томирли деменсия ҳамда тарқоқ остеохондроз ташхиси тасдиқланган.

Мутахассислар аёлнинг хотираси, фикрлаши ва атроф-муҳитни англаш қобилияти сезиларли даражада пасайгани, у мустақил равишда овқатлана олмаслиги ҳамда кундалик эҳтиёжларини қондиришга қийналаётганини аниқлаган. Шунингдек, у ёлғиз қолганда газ жиҳозларидан нотўғри фойдаланиш ёки эшикни очиқ қолдириш каби ҳолатлар туфайли ўзига ва атрофдагиларга хавф туғдириши мумкинлиги қайд этилган.

Шу сабабли “Инсон“ ижтимоий хизматлар маркази томонидан фуқаро Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказига жойлаштирилган. Ҳозирда унга ушбу муассасада 24 соатлик парвариш ва тиббий хизмат кўрсатилаётгани, аҳволи барқарор экани билдирилган.

Агентлик, шунингдек, туман “Инсон“ маркази ҳамда тиббиёт бирлашмаси ходимлари фуқаронинг соғлиғи ёмонлашаётганини ўз вақтида аниқламагани ва унга доимий парвариш зарурлигини белгиламаганини қайд этган. Шу муносабат билан масъул ходимлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Бош прокуратура маълумотига кўра, 1940 йилда туғилган Л. Журавлёва Мирзо Улуғбек туманидаги хонадонда ёлғиз яшаб келган. Терговга қадар текширув давомида унга тегишли уй 2025 йил 25 сентябрда нотариал тартибда расмийлаштирилган олди-сотди шартномаси асосида бошқа шахс номига ўтказилгани аниқланган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар уй-жойни бегоналаштириш вақтида аёл ўз ҳаракатларининг мазмунини англаш ва уларни бошқариш қобилиятига эга бўлган-бўлмаганини, шунингдек, фирибгарлик қурбонига айланган бўлиши мумкинлигини текшириш зарурлигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а“ банди билан жиноят ишини қўзғатган.

Қайд этилишича, ҳозирда мазкур иш юзасидан барча ҳолатларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона аниқлашга қаратилган дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Чирчиқ шаҳрида кўп қаватли уй олдида дайди ит ва мушукларни озиқлантирган аёл жавогарликка тортилиб, бир муддат вақт ўтгач уйидан ўлик ҳолда топилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends