Тошкентда 6 та хонадон ёниб кетди
Жамият
−
19 Март 2019
8883Кеча, 18 март куни Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида жойлашган “Оқлон” маҳалласида 6 та уй бирдан ёниб кетди. Бу ҳақда Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати хабар бермоқда.
18 март куни соат 11:25да Тошкент шаҳар ИИББ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси Ёнғинни ўчириш куч ва воситаларини бошқариш ва мувофиқлаштириш марказига Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани “Оқлон” маҳалласи, Кўкча дарвоза тор кўчасида жойлашган уйларда ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақида хабар келиб тушган.
Хабар асосида 8 та ёнғин ўчириш экипажлари жалб этилган. Биринчи бўлинмалар соат 11:29 да воқеа жойига етиб келган. Ёнғин соат 12:05 да қуршаб олинган ва соат 12:34 да тўлиқ бартараф этилган. Ёнғин оқибатида Кўкча дарвоза тор кўчаларида жойлашган 4 та ва шу хонадонларга туташ қурилган Фузулий кўчасидаги 2 та хондонларда жами 380 кв метр майдонда том қисмилари ва ички жиҳозлари ёниб зарарланган.
Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғиндан уйларнинг жами 500 кв метр майдони сақлаб қолинган. Тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар йўқлиги айтилмоқда.
Ёнғин келиб чиқишига тахминий сабаб сифатида Кўкча дарвоза тор кўчасидаги 14-хонадоннинг ошхонасида ёғни қозонда доғлаш учун газ плитасига қўйиб, назоратсиз қолдирилиши кўрсатилмоқда. Моддий зарар миқдори аниқланмоқда.