Тошкентда 6-синф ўқувчиси дарс пайтида вафот этди
3-саҳифа
−
07 Октябрь 2023
20164Ижтимоий тармоқларда Юнусобод туманидаги 259-мактабнинг 6-синф ўқувчиси жисмоний тарбия дарси чоғида вафот этгани ҳақида хабар тарқалди. Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мазкур ҳолатни тасдиқлади.
“Юнусобод туманидаги 259-сонли умумтаълим мактабида 2023-йил 6-октябрь куни тахминан соат 11:10 ларда дарс жадвали асосида 6-“Д" синфида 4-соат жисмоний тарбия дарсида, жисмоний тарбия ўқитувчиси М.К. йиллик иш режасига асосан “Футбол амалиёти. Тўп билан ҳаракатланиш” мавзусида дарс ўтаётган вақтида, шу синф ўқувчиси 2011 йил 23 мартда туғилган М.С. нинг кўкрак қафасига копток тегиши натижасида ҳушини йўқотган”, дейилади расмий муносабатда.
Билдирилишича, ўқувчи зудлик билан тумандаги 7-сонли шифохонага олиб борилган. Шифокорлар томонидан тез тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамай ўқувчи М.С. вафот этган.
Суд тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, М.С. га юракнинг рефлектор тўхташи, ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилиги, бош мия ва ўпка шиши, юрак гипертрофияси ва юрак туғма нуқсони ташхиси қўйилган.