Тошкентда 5 ойда 4 та террорчилик гуруҳи фош қилинди– ИИББ

3-саҳифа

image

Жорий йилнинг январь-май ойларида Тошкентда “Ислом давлати” (ИД) ва “Тавҳид ва жиҳод катибаси” (ТЖК) халқаро террорчилик ташкилотлари (ушбу ташкилотлар фаолияти Ўзбекистон, РФ, АҚШ ва кўплаб Европа давлатлари ҳудудида тақиқланган) жангариларига алоқадор 4 та яширин гуруҳ, якка тартибда радикаллашиб, экстремистик ташкилот ва оқимлар ғояларини тарғиб қилиб келган 10 та “виртуал” гуруҳ ҳамда 250 нафар экстремистик гуруҳ аъзолари аниқланиб, уларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар берди.

“Мазкур шахслар яшаб турган манзилларида экстремистик ва террорчилик ташкилотларининг ғояларини тарғиб қилиш, янги рекрутларни (номзодлар) ёллаб жангарилар лагерларига юбориш, терроризмни молиялаштириш ҳамда қўпорувчилик ҳаракатларини содир этишга ундаш билан шуғулланиб келганлар”, дейилади бошқарма хабарида.

Қайд этилишича, жорий йилнинг бошида Тошкент шаҳрида 27 нафар шахсдан иборат яширин экстремистик гуруҳ фаолиятига чек қўйилган бўлиб, гуруҳнинг айрим аъзолари жанговар ҳаракатлар юз бераётган ҳудудларга боришни режалаштирган ва халқаро террорчилик гуруҳларини молиялаштириш билан шуғулланиб келган. Ҳозирги вақтда ИИВ Тергов департаменти томонидан ушбу гуруҳнинг 11 нафар аъзосига нисбатан Жиноят кодексининг 216, 244-1 ва 244-2-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, олиб борилган тезкор-тергов ҳаракатлари давомида, Тошкент вилоятида яшовчи, 2001 йилда туғилган “А.Ш.” қўлга олиниб, у Сурия ҳудудидаги фаолият олиб бораётган ТЖК халқаро террорчилик ташкилоти ғоявий раҳнамоси А.Хамрабуваевнинг (тахаллуси “Ахлуддин Навкотий”, Қирғизистон фуқароси) кўрсатмаси асосида, Тошкент шаҳрида яшовчи 9 нафардан иборат яширин жамоат ташкил этган бўлиб, уларнинг айримлари Суриядаги жангарилар сафига бориб қўшилишни режалаштирган.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида яшовчи, 18-27 ёш оралиғидаги, айримлари мактаб ўқувчилари ҳисобланган 10 нафар шахсдан иборат ТЖКнинг 2 та яширин гуруҳи аниқланган. Ушбу гуруҳлар фаолияти КТЖнинг Суриядаги масъулларидан бири “Абу Ахмад ўзбекий” томонидан бошқарилган бўлиб, гуруҳ аъзолари пойтахтдаги маъмурий бинолар, аҳоли гавжум жамоат жойларида қўпорувчилик ҳаракатлари содир этишни режалаштирган ҳамда террорчилик ташкилотлари фаолиятини молиялаштириб келишган.

Кечиктириб бўлмайдиган тезкор-тергов тадбирлар натижасида гуруҳ аъзоларидан қўлбола портловчи қурилма таркибий қисмлари ва ниқобловчи буюмлар ашёвий далил сифатида олинган.

Гуруҳ аъзоларига нисбатан ИИВ Тергов департаменти томонидан Жиноят кодексининг 155, 244-1 ва 244-2-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Шу билан бирга, Сурияда террорчилик ташкилотлари сафида бўлиб, қидирувда бўлган шахсларнинг ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар орқали ўзларининг Ўзбекистондаги қариндошлари ва яқин алоқалари орасида ёллов ишларини олиб бориб, уларни террорчилик лагерларига чиқишга чорлаб келаётганлиги аниқланиб, ноқонуний ҳаракатларига барҳам берилган.

Жумладан, 2022 йилда хорижий махсус хизматлар билан ҳамкорлик натижасида, қидирувда бўлган 59 нафар жангари ва террорчи-экстремистик ташкилотлар тарафдорлари қўлга олиниб, Ўзбекистонга депортация қилинган. Ушбу шахслар чет давлатларда террорчилик ташкилотлар сафига ёлланган бўлиб, уларнинг фаолиятни молиялаштириш, Суриядаги жангарилар лагерларига номзодларни ёллаш ва юбориш билан шуғулланган. Шунингдек, айримлари Ўзбекистонда ва ўзлари бўлиб турган мамлакатлар ҳудудида қўпорувчилик ҳаракатларини содир этишни режалаштириб келган.

Шу билан бирга, 2022 йилнинг апрель ойида фарғоналик, 1995 йилда туғилган “Х.К.” РФ ҳудудида қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинган. Ушбу шахс 2014-2015 йилларда Суриядаги ТЖК террорчилик ташкилоти сафида жанговар-қўпорувчилик тайёргарлигидан ўтиб, Россия ҳудудида яширин гуруҳлар яратиш, террорчилик тузилмаларини молиялаштириш каналларини йўлга қўйиш учун ташкилот етакчилари Ш.Ш. ва К.Ш. томонидан юборилган. Х.К.га нисбатан Жиноят кодексининг 244-2 ва 155-3-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Кўрилган чоралар натижасида, ТЖКнинг қидирувда бўлган Туркиядаги жангариси – Самарқанд вилоятидан бўлган, 1998 йилда туғилган Б.Д. томонидан РФнинг Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларида серияли қатор террорчилик хуружларини амалга оширишга қаратилган ҳаракатларига чек қўйилган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 155-2, 223, 244-1 ва 244-2-моддалари билан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Қашқадарё вилоятида туғилган, 1999 йилда туғилган С.Х. РФ ҳудудида қўлга олиниб, Ўзбекистонга олиб келинган. Маълум бўлишича, у Интернет орқали Суриядаги “Ҳаёт Таҳрир аш-Шом” халқаро террорчилик ташкилоти жангарилари сафига ёлланиб, қўлбола усулда портловчи қурилмаларни ясаш бўйича тайёргарликдан ўтган ва Ўзбекистонга қайтганидан сўнг қўпорувчилик ҳаракатлари амалга оширишни режалаштирган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 244-1, 155 ва 248-моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Бундан ташқари, жорий йилда “Хизб ут-Таҳрир” диний-экстремистик ташкилотининг Тошкент шаҳри ва вилоятида яшовчи 5 нафар, муқаддам жазо ўтаб озодликка чиққан 10 нафар аъзоларининг ноқонуний фаолиятига чек қўйилган бўлиб, улар Интернет орқали ташкилотнинг ғоявий раҳнамоларидан бири А.Холдаровнинг (“Махмуд Абдулмўмин”, Қирғизистон фуқароси, Руминияда яшириниб келмоқда.) ёллови таъсирига тушиб, ўзларининг маслакдошларидан иборат яширин гуруҳ тузган. 

“Шунингдек, Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудида талончилик, товламачилик, ўғирлик ва босқинчилик билан шуғулланиб келган 8 та уюшган жиноий гуруҳнинг фаолиятига барҳам берилган бўлиб, улар террорчилик ташкилотларининг ғоявий таъсирига тушиб, ноқонуний топилган даромадларидан экстремизмни молиялаштириб келганлар. Айримлари террорчилар лагерларига чиқиб кетишга тайёргарлик кўрганлар”, дейилади ИИББ ахборотида.

Қайд этилишича, 2021 йилда Тошкент шаҳридаги “Техно олам” (“Малика”) савдо мажмуасида тизимли равишда мобил телефонлар ўғирлаш, фирибгарлик, талончилик жиноятлари содир этиб, ҳудуддаги қўриқлаш хизмати ходимларига тан жароҳати етказиш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилган.


Мақола муаллифи

Теглар

ИИББ

Баҳолаганлар

173

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг