Тошкентда 32 гектар ерни 2,4 млн долларга пуллаётган шахс ушланди (видео)

3-саҳифа

image

Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерни 2 млн 400 минг долларга сотиб юбормоқчи бўлган шахс ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида яшовчи фуқаро Оҳангарон туманида жойлашган ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 32 гектар ерни мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 2 млн 400 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 500 минг АҚШ долларини Тошкент шаҳридаги кафелардан бирида олган вақтида ДХХнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси, шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда эса Янгийўл туманида яшовчи 1974 ва 1978 йилларда туғилган 2 нафар шахс ўзаро тил бириктириб, туман ҳокимлиги захирасида бўлган 48 сотих ер майдонини мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 60 минг АҚШ доллари ҳамда кадастр ҳужжатларини ҳал қилиб бериш эвазига 8160 АҚШ доллари талаб қилиб, шундан 64 минг АҚШ доллари олган вақтларида ушланган.  

Бундан ташқари, Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида яшовчи 1990 йилда туғилган шахс Сув хўжалиги вазирлигининг “Аму-Сурхон” Ирригация тизимлари ҳавза бошқармасига қарашли Шеробод туманидаги Мелиоратив экспедиция балансида бўлган 20 сотих ер майдонини ҳамда йилда туғилган маҳаллий фуқарога тегишли, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 45 сотих ер майдонини жами 60 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, 56,7 минг АҚШ доллари ва 43 млн сўм олган вақтида ДХХ, ИИВ ҳамда ИЖҚКД ходимлари томонидан ушланган. 

Шунингдек, Хоразм вилоятининг Урганч туманида яшовчи, 1979 йилда туғилган шахс мазкур тумандан оқиб ўтувчи Шовот канали бўйида жойлашган ва давлат захирасида бўлган 24 сотих ер майдонини кадастр тизимида ишловчи танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 45 минг АҚШ доллари ва 13 млн сўм олган вақтида ДХХ ҳамда ИЖҚКД ходимлари томонидан ушланган.

Билдирилишича, ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятида давлат захирасидаги 2,5 гектар ер майдонини 650 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 100 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент Олмалиқ Давлат хавфсизлик хизмати

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг