25 яшар йигитнинг умрига зомин бўлган ҳайдовчига жуда енгил жазо тайинланди
Жамият
−
29 Декабрь 2020
27276Жорий йилнинг 30 август куни Тошкентдасодир бўлган мудҳиш ЙТҲ оқибатида 25 яшар йигит вафот этгани юзасидан очилган жиноят иши бўйича суд ҳукми эълон қилинди. Жиноят иши судья Т.Юсупов томонидан кўриб чиқилган. Бу ҳақда Олий суд Матбуот хизмати QALAMPIR.UZ`га маълум қилди.
Маълум бўлишича, судланувчи Дилшод Турсунов, 2020 йил 30 август куни соат тахминан 00:30ларда, “Climat Solutions” ХКга тегишли Nexia-3 русумли автомобилни, тегишли ҳужжатлар билан, маст ҳолатда, Шайхонтоҳур тумани, Фурқат кўчаси бўйлаб, Нурафшон кўчаси томонидан, Бунёдкор кўчаси томонга, амалдаги йўл ҳаракат қоидаларининг белгиланган тезлигидан ошириб, 70-80 км|соат тезликда бошқариб бориб, “Yalpiz” кафесининг қаршисида, йўлда бўлган ҳолатга ва ўзгаришларга эътибор бермасдан “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 11-банди г-қисми, 12-банди 1-қисми, 77-банди 1,2,3-қисмлари ва 78-банди 1-қисми талабларини бузиб, автошиналар қатнов йўлида турган темир панжарани уриб юборган, ўз навбатида ушбу темир панжара шу ерда турган пиёда А.Набиевни уриб юборган, натижасида пиёда А.Набиев воқеа жойида вафот этган.
Унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 266-моддасининг 2-қисми билан айблов эълон қилинган.
Суд ҳукмига кўра, Дилшод Турсунов Жиноят кодекси 266-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди.
Айбдорга ЖК 266-моддаси 2-қисмибилан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 (уч) йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан Дилшод Турсуновнинг 30.08.2020 йилдан 03.12.2020 йилга қадар дастлабки қамоқда сақланган ҳар бир кунини ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг уч кунига тенглаштириб, Турсунов Дилшод Хикматтуллаевичга узил-кесил ўташ учун иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил 2 (икки) ой 12 (ўн икки) кун муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 45-моддасини қўллаб, 1 (бир) йил муддатга, муайян ҳуқуқдан, яъни транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.