25 яшар йигитнинг ўлимига сабаб бўлган мудҳиш ЙТҲ тафсилотлари очиқланди

Интервью

Жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида Ўзбекистон ҳудудида 3012 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Шулардан 808 таси ўлим билан тугаган. 2204 таси эса тан жароҳати билан боғлиқ ҳодисалардир. 2019 йилнинг мос даврида ушбу кўрсаткич бу йилгидан 9,6 фоизга кўпроқ бўлган, яъни 3333 тани ташкил этган.

Кундан кунга бу каби йўл -транспорт ҳодисалари сони ортиб бормоқда. Хабарингиз бор, жорий йилнинг 30 август куни  Шайхонтоҳур тумани, Фурқат кўчасида жойлашган “Ялпиз” кафеси  қаршисида мудҳиш ЙТҲ содир бўлди. Унда “Кўприк таъмирлаш” бошқармаси ишчиси 25 яшар Абдурасул Набиев жароҳатланиб, воқеа жойининг ўзида вафот этган. Ачинарлиси шундаки, жорий йилнинг 15 сентябрь куни Абдурасул Набиев оила деб аталмиш муқаддас қўрғонга қадам қўйиши керак эди. Унинг ортидан зор йиғлаб ота-онаси, акаси ва синглиси, бўлажак рафиқаси қолди. Айтилмаган ёр-ёрлар қолди.

Биз ушбу ЙТҲ тафсилотлари, тергов жараёнинг қандай кетаётгани ҳақида батафсил маълумот олиш мақсадида Шайхонтоҳур тумани 2-сонли Ички ишлар бўлими, Тергов бўлинмаси бошлиғи Улуғбек Болтаев билан суҳбатлашдик.

Феруза Нажмиддинова, журналист: — Жорий йилнинг 30 август куни пойтахтда юз берган ЙТҲ ҳақида батафсил маълумот берсангиз


Улуғбек Болтаев, терговчи: — Дилшод исмли ҳайдовчи 29 август куни танишлари билан бирга кеч соат 20:00-20:30 атрофида спиртли ичимлик истеъмол қилади. Танишлари уни уйига олиб келишади, лекин ҳайдовчи ўзини бошқа дўстлари билан учрашиш мақсадида хусусий корхонага тегишли бўлган Nexia-3 русумли транспорт воситасини бошқариб кўчага чиққан. Фурқат кўчаси бўйлаб Нурафшон кўчаси томондан Бунёдкор кўчаси томонга катта тезликда ҳаракатланиб келган. Шу кўчада марҳум Абдурасул Набиев Лед мониторларни ўрнатиш усталарига ёрдам бериш мақсадида йўлни тўсган ҳолда, қўлида бўлган милтилловчи таёқча ёрдамида, транспорт воситалари ҳаракатини назорат қилаётган бўлган.

Ҳайдовчининг сўзига кўра, у шу вақтда мусиқани ёқиш ёки тамаки тутишга чалғиб йўл назоратни йўқотган. Назоратни йўқотган ҳайдовчи, темир тўсиқга бориб урилган. Темир тўсиқ эса ўз навбатида учиб бориб, шу ерда бўлган Абдурасул Набиевнинг бош қисми ва бўйин қисмига тегади ва у воқеа жойида вафот этади.

Ҳайдовчи нима бўлганини англай олмасдан, узоқ метр масофага юриб бориб, транспорт воситасини тўхтаган. Тушиб транспорт воситасини кўздан кечирган вақтида, темир панжарага бориб урилганини англайди. Воқеа жойида бўлган гувоҳлар келиб пиёдага ёрдам бериш мақсадида уни кўздан кечиришган вақтда, ҳайдовчи ҳам карахт холатда бўлгани ва уни олдига бориб пиёдани ургнини айтишганда эса, у пиёдани урмаганини бир неча бор таъкидлаган. Табиийки, воқеа жойида пиёда вафот этгани сабабли, ЙТҲдан бироз вақт ўтиб тез тиббий ёрдам ва ИИБ ходимлари келиб, воқеа жойида тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришади.

Ф.Н.: — Ҳайдовчи воқеа юз берган жойдан қочишга уринганми?

У.Б.: — Ҳайдовчи ва гувоҳларнинг сўзларига асосланиб айтишим мумкинки, у қочишга уринмаган, автотранспорт воситаси ҳам жойидан қўзғатилмаган. Ҳайдовчини қочишга уринган деб айта олмайман.

Ф.Н.: — Фуқаро катта тезликда ҳаракатланаётганини юқорида таъкидлаб ўтдингиз. Қандай тезликда ҳаракатлангани аниқландими?

У.Б.: — Айбланувчининг сўзларидан ва гувоҳларнинг кўрсатмасига кўра 90 -95 км соат тезликда ҳаракатланган.

Ф.Н.: — Ҳайдовчи берган интервьюсида спиртли ичимликни кам миқдорда истеъмол қилганини айтган. Экспертиза унинг мастлик ҳолатини қай даражада баҳолаган?

У.Б.: — Албатта, норкологик диспансерда экспертиза ўтказилган вақтда унинг мастлик даражаси ўрта даражада экани аниқланган.

Ф.Н.: — ЙТҲ содир бўлгандан бир сутка вақт ўтиб ҳам воқеа ҳақида расмий маълумот берилмади. QALAMPIR.UZ’да шахсий манбаларимиз асосида тайёрланган хабар чиққанидан сўнг, ИИВ ЙҲХББ томонидан расмий маълумот тақдим этилди. ЙҲХББ берган илк хабарда ҳайдовчига жиноят иши қўзғатилгани ҳақида маълумотлар айтилмаганди. Мазкур воқеа юзасидан жиноят иши қачон қўзғатилди, терговчи сифатида иш сизга қачон топширилди?

У.Б.: — Бемалол айтишим мумкинки, воқеа 2020 йил 30 август куни содир бўлган. Шу куннинг ўзида менга иш ҳужжатлари етиб келган ва ушбу ҳолат юзасидан шу куннинг ўзидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирги кунга қадар ҳам тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Ф.Н.: — Тергов ҳаракатлари қандай ўтказилаётгани ва қайси гувоҳлар сўроқ қилингани ҳақида маълумот берсангиз.

У.Б.: — Жиноят иши юзасидан суд-транспорт трассология экспертизаси, суд-автотехника ва суд тиббиёт экспертизалари тайинланган. Бундан ташқари, воқеага гувоҳ бўлганлар билан ҳам навбатма-навбат сўроқ, тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда. Яна шуни айтиб ўтишим керак, воқеа содир бўлган куннинг ўзида далилий ашёлар, излар йўқ қилинмаслиги учун транспорт воситаси жарима майдончасига олиб борилган.

Ф.Н.: — Ҳайдовчи ўзининг берган интервьюсида, марҳумнинг устида нур қайтарувчи нимча ва қўлида милтилловчи таёқчаси бўлмаганини айтган. QALAMPIR.UZ’да юқоридагилар марҳумда бўлганини исботловчи далиллар бор. Марҳум Абдурасул Набиев воқеа содир бўлишидан 20 дақиқа аввал онаси ва акасига видео юборган. Унинг қўлида милтилловчи таёқ ва нимчаси борлиги шу видеода акс этган.

У.Б.: — Жиноят кодексига асосан, ўзининг айблилик даражасини исботлаш бўйнига қўйиш мумкин эмас. Бу жиноят процессуал кодексида ҳам белгиланган. QALAMPIR.UZда бор далиллар бизда ҳам мавжуд. Бу видеони оила аъзоларига, воқеадан бир неча дақиқа олдин йўллагани рост.  Ўз-ўзидан кўриш мумкинки унинг устида нур қайтарувчи нимча ва қўлида милтилловчи таёқчаси бўлган. Видеони такрор кўришимиз натижасида айтишим мумкинки, милтилловчи таёқ ёрдамида транспорт воситаларига қайрилиб олиш ёки ҳаракатланиш ишорасини қилган. Ҳайдовчининг кўрсатмасида воқеа содир бўлишидан бироз муддат олдин йўлни ўз назоратидан четда қолдиргани ва мастлигини айтиб ўтган. Табиийки, пиёданинг қўлидаги милтилловчи таёқчани, мастлиги ва эътиборсизлиги оқибатида кўрмаган.

Ф.Н.: — Йўл-транспорт ҳодисасини содир этган хайдовчи билан тергов жараёнлари қандай олиб бориляпти ва у ҳозирги вақтда қаерда сақланяпти?

У.Б.: — Айтиб ўтиш керакки, хайдовчи ўзини қилган ишидан пушаймонлигини билдириб ўтди. У билан тегишли тартибда тергов ҳаракатларини олиб боряпмиз. Шунингдек, Шайхонтоҳур тумани Жиноят ишлари бўйича судининг ажримига биноан унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган


Мақола муаллифи

Теглар

ЙТҲ тергов

Баҳолаганлар

434

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг