Тошкентда 20 ёшли йигит Damas сотиб олмоқчи бўлган мижозга суиқасд қилди
3-саҳифа
−
03 Август
11128Тошкент шаҳрида машина сотувини эълон қилган йигит мижознинг пулига эга чиқиш учун унга суиқасд қилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Қайд этилишича, воқеа кеча, 2 август куни 11-12 лар орасида Чилонзор тумани Бектўпи маҳалласи Пойгоҳ кўчасида содир бўлган.
2004 йилда туғилган эркак онлайн савдо платформасига Damas автомашинасини сотиши ҳақида эълон жойлаштирган. У эълон бўйича мурожаат қилган 1987 йилда туғилган эркак билан танишиб, дастлаб 100 АҚШ долларини аванс сифатида олган ва 37 ёшли мижозда автомашина сотиб олиш учун 4500 АҚШ доллари борлигига ишонч ҳосил қилган. 2 август куни у пулларни қўлга киритиш мақсадида унга суиқасд уюштирган.
Ҳодиса оқибатида жабрланувчи тан жароҳати олган.
“Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 25- (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 97- (Қасддан одам ўлдириш)ва 164-моддалари (Босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчи процессуал тартибда ушланган”, дейди Ҳаёт Шамсутдинов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Telegram'да пул ютқазиб қўйган аёл жонига қасд қилганди.