Тошкентда 2 нафар экология инспектори пора билан қўлга тушди
3-саҳифа
−
09:27 4372 2 дақиқа
Тошкентда икки нафар экология инспектори дарахтларни кўчириш учун ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига пора олаётганида қўлга тушди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, экология инспектори лавозимида ишловчи 2 ходим аризачидан дўкон қуриш учун ажратилган Яшнобод туманида жойлашган бир сотих ерга экилган турли ўлчамдаги дарахтларнинг қуриган новдаларини бутаб, қуримаганларини бошқа жойга кўчиришга шароит яратиш ҳамда жарима солмаган ҳолда, рухсатнома расмийлаштириб бериш эвазига 3 минг доллар талаб қилган.
Улар келишилган пулни олган вақтларида далилий ашёлар билан ушланди. Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан иш очилган.
Бошқа бир ҳолатда эса фуқаро мурожаат қилиб, ўзини “Toshkentboshplan” давлат унитар корхонаси ҳуқуқшуноси деб таништирган шахс Мирзо Улуғбек туманида жойлашган уйини икки қават қилиб реконструкция қилиш учун рухсатнома олиб беришини айтиб, 10 минг доллар пул талаб қилаётганлигини билдирган.
Корхона маъмурий биносида ўтказилган тадбирда “Ҳуқуқ, Мантиқ, Мувофиқлик” адвокатлик бюросининг адвокат ёрдамчиси талаб қилинган пулни олган вақтида далилий ашёлар билан ушланди.
Мазкур вазият юзасидан ҳам жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида республика бўйича 184 нафар шахс пора олиш жиноятини содир қилгани учун судланганди.
Live
Барчаси