Тошкентда 16 яшар қиз содир этган ЙТҲда 14 ёшли бола вафот этди
3-саҳифа
−
29 Сентябрь 2020
10718Жорий йилнинг 27 сентябрь куни Тошкентнинг Учтепа туманида 16 ёшли қиз содир этган йўл-транспорт ҳодисасида 14 ёшли бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда ЙҲХББ хабар берди.
ЙТҲ соат 20:00 ларда Учтепа тумани 35-уй қаршисида содир бўлган. 2004 йилда туғилган, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган Ш.Н. (қиз) Spark русумли автомобилни бошқараётиб, ўзидан олдинда ҳаракатланиб кетаётган ҳайдовчи, 1982 йилда туғилган И.А. бошқарувидаги Nexia русумли автомобилни қувиб ўтаётган вақтида ушбу автомашина билан тўқнашиб, бошқарувни йўқотган ва қарама-қарши бўлакка ўтиб кетиб, қаршисидан келаётган ҳайдовчи, 1974 йилда туғилган А.М. бошқарувидаги Lacetti русумли автомобиль билан тўқнашган.
Натижада, Spark русумли автомобиль йўловчиси 14 ёшли А.Н. шифохонага олиб кетилаётганда йўлда вафот этган. Ушбу автомобиль ҳайдовчиси 16 ёшли Ш.Н. ва Lacetti русумли автомобиль ҳайдовчиси 46 ёшли А.М. тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.