Тошкентда 12 ёшли қизнинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи қамалди
3-саҳифа
−
14 Сентябрь 2023
7705Жорий йилнинг май ойида Тошкент шаҳри Учтепа туманида 12 ёшли қиз Matiz русумли автомобиль уриб кетиши оқибатида вафот этган эди. Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида машина ҳайдовчисига нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати маълум қилди.
Айтилишича, ҳайдовчи тезлик соатига 30 км қилиб белгиланган жойда 70 км/соат тезликда ҳаракатланиши оқибатида 12 ёшли қизни уриб юборган. Оқибатда қизалоқ вафот этган.
“Ўғлимни мазаси бўлмагани сабабли тезликни оширдим. Хаёлим чалғиб, қизни уриб юбордим. Зудлик билан уни шифохонага олиб бордим, унга биринчи ёрдам кўрсатилди. Аммо, бир соатлардан кейин қиз вафот этгани ҳақида хабар беришди”, дейди ҳайдовчи.
Аниқланишича, автомобиль аслида судланувчига тегишлимаслиги етмаганидек, у машина бошқариш учун рухсат берувчи ҳужжатларга ҳам эга бўлмаган.
“Қизалоғим ўша куни ойисидан уйнинг калитини олиб келиш учун йўлдан ўтаётган эди”, дейди марҳуманинг отаси.
Суд ҳукмига кўра, судланувчи Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан айбланиб, 3 йилга автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган ва унга нисбатан 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.