Тошкентда 103 ходими бемор аёлга уятсиз ҳаракатлар қилгани айтилмоқда
3-саҳифа
−
20 Ноябрь 2023
13634Тошкент шаҳрида чақирувига кўра келган тез тиббий ёрдам ходими бемор аёлга нисбатан беҳаё ҳаракатлар қилгани айтилмоқда. Бу ҳақда журналист ва блогер Шаҳноза Соатова ўзининг Telegram-каналида хабар берди.
Соатовага тушган мурожаатга кўра, унга таниш бўлган аёл шу йилнинг 16 ноябридан 17 ноябрга ўтар кечаси тоби қочиб, тез ёрдам чақирган. Аёл ёлғиз ўзи ёш боласи билан яшагани ва кечқурунлиги учун иложи бўлса аёл шифокор келишини сўраган. Лекин икки соатда ҳам аёл шифокор топилмагани сабаб тунги соат 00:15 да эркак шифокорнинг бир ўзи унинг хонадонига кириб келган. У беморга учта шприцда укол қилган. Муолажа давомида аёл ўзини ғалати ҳис қила бошлаган.
“Миям бирдан маст одамникидай гаранг бўлиб қолди, осмонга учаётгандек бўлдим. Эс-ҳушим жойида, лекин оёқ-қўлим бўшашиб ўзимга бўйсунмай қолди”, деган аёл.
Тез ёрдам шифокори аёлнинг ожизлигидан фойдаланиб, унга ножўя қилиқлар қилган, қўли билан жинсий зўрлаган.
“Аёл эртаси куни ҳам кечгача хаёли ўзида бўлмаган, кечга бориб нима бўлганини англай бошлаган. Лекин 102 га қўнғироқ қилингач, етиб келган участка нозири етарли тезкорлик кўрсатмаган, аёлга “барибир исботлашингиз қийин” деб мурожаатидан воз кечишга ундаган. Аёл қатъият кўрсатгач, судмедэкспертизага йўлланма берган”, дейди Соатова.
Аёл судмедэкспертизага борган, иш куни тугаб қолгани учун таҳлил ўтказилмаган. Судмедэкспертиза, наркологияга бориб вақти зое кетган аёлга “участковой” ҳам “далилингиз етарли эмас” қабилида суст ҳаракат қилган.
“Тез ёрдам қолдириб кетган шприцлардаги модда қолдиқларини ҳам ҳеч ким эътиборга олмаяпти. Порталга қилинган қўнғироқлар, мурожаатлар охиригача эшитилмаяпти. Аёл адолатга ишонмаяпти, лекин уни топмоқчи. Аёлнинг аҳволи жуда ёмон, ҳам ўша “шифокор”нинг ифлос ишидан хўрланган, ҳам бу сусткашлик ва эшикма эшик тўпдек тепилишлардан чарчаган”, дейди журналист.
Шунингдек, Шаҳноза Соатова Ички ишлар вазирлиги масъуллари ва Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовга мурожаат қилиб, улардан бу масалага эътибор қаратишини сўраган.
Блогерга Республика тез тиббий ёрдам маркази матбуот котиби Ирода Абдуғаффоровнанинг маълум қилишича, чақириққа борган тез тиббий ёрдам фельдшери О.М.нинг иш фаолияти бўйича хизмат текшируви тайинланган. Ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳануз расмий муносабат билдирмади.
LiveБарчаси