Тошкентда 100 километрлик пулли ҳалқа йўли қурилади
Жамият
−
26 Май 3321 2 дақиқа
Тошкентда транспорт оқимини тартибга солиш ва тирбандликлар муаммосини ҳал этиш мақсадида қарийб 100 километрлик пулли ҳалқа йўли ҳамда янги халқаро аэропортга олиб борувчи пулли тезюрар магистраль барпо этилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Шавкат Умурзоқовнинг Хитойга ташрифи давомида пойтахтда экология, транспорт ва ижтимоий соҳаларни қамраб олувчи улкан лойиҳалар муҳокама марказида бўлган.
Музокараларда энг кўп эътибор қаратилган йўналиш пойтахтнинг транспорт тизимини ривожлантириш бўлган. Томонлар Тошкент шаҳрида транспорт оқимини тартибга солиш ва тирбандликларни камайтириш учун янги пулли автомобиль йўлларини қуриш концепциясини кўриб чиққан.
Унга кўра, шаҳар атрофида умумий узунлиги қарийб 100 километр бўлган юқори тезликдаги пулли ҳалқа йўлини барпо этиш режалаштирилмоқда. Бу йўл юк транспорти ва транзит воситаларнинг шаҳар ичига кирмасдан ҳаракатланишини таъминлайди.
Бундан ташқари, келгуси йилларда Тошкент вилоятининг жанубида – Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманлари ҳудудидаги 1300 гектар майдонда барпо этилиши бошланган янги халқаро аэропорт йўналишида шаҳарнинг марказий қисмидан ўтувчи алоҳида пулли магистраль йўл қурилиши кўзда тутилган. Мазкур тезюрар трасса йўловчиларнинг аэропортга тирбандликларсиз етиб боришига хизмат қилиши айтилган.
Шу билан бирга, учрашувда экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида пойтахтда қурилиш ва маиший чиқиндиларни қайта ишлайдиган, ихтисослаштирилган янги полигон қуриш ташаббуси илгари сурилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳридаги Мустақиллик шоҳ кўчаси, Мирзо Улуғбек ва Буюк Ипак йўли кўчалари кесишмасида икки қаватли йўл ўтказгич қурилиши эълон қилинган эди.
Live
Барчаси