Тошкентда ҳаво сифати яна ёмонлашиши мумкин
Local
−
19:42 426 1 minute
Бугун, 22 сентябрь куни соат 21:00 дан 23 сентябрь тонги соат 4:00 гача ер юзасидаги ҳаво совиб, юқорироқ қатламдаги ҳаво илиқроқ қолиши натижасида ҳарорат инверсияси шаклланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.
Метеорологик прогнозга кўра, шамол тезлиги Тошкент шаҳрида айрим соатларда 0,5–1 м/сгача пасаяди, ҳавонинг вертикал аралашуви эса секинлашади. Ёғингарчилик кутилмаётгани сабабли ҳаводаги заррачаларнинг узоқроқ муддат ҳавода қолиб кетиш эҳтимоллиги мавжуд. Бу омиллар PM2.5 ва PM10 заррачаларининг ерга яқин қатламда тўпланишига қулай шароит яратади.
Прогнозлар пойтахтнинг аксарият ҳудудларида сутканинг 22:00 ва 1:00 оралиғида ҳаво сифати AQI стандартига кўра “сезгир гуруҳлар учун носоғлом” даражагача ёмонлашиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Эрталаб ер юзаси исиб, инверсия заифлашиши ва вертикал аралашув кучайиши билан ҳаво сифати аста-секин яхшиланиши кутилмоқда. Шу сабабли кечки вақтларда очиқ ҳавода узоқ вақт бўлмаслик тавсия қилинади. Ҳозирда атмосфера ҳавоси сифати Махсус комиссия томонидан доимий мониторинг қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосида PM2.5 ва, айниқса, PM10 заррачалари миқдорининг қисқа муддатли кескин ортиши кузатилганди.
Live
All