Тошкент вилоятига ҳоким бўлган Ҳидоятов нималар билан банд?

Жамият 12040
image

Тошкент вилоятининг янги ҳокими Даврон Ҳидоятов илк иш кунларидаёқ бизнес доираси вакиллари билан кўпроқ мулоқот қилиб, ҳудуднинг инвестицион салоҳиятига мос лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ҳоким “Лукойл” мутасаддилари ва “Korzinka.uz” супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов билан учрашди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Жорий йилнинг 3 февраль куни Даврон Ҳидоятов “Лукойл” компанияси мутасаддилари билан учрашди. Хориж компанияси масъуллари келгусида Нурафшон шаҳрида 10 та ёқилғи қуйиш шохобчаси бунёд этиш лойиҳаси бўйича вилоят раҳбарига ахборот берди.

Автомобиль эгалари учун замон талабларига жавоб берадиган ёқилғи қуйиш шохобчалари барпо этиш масаласи муҳокома қилинди. Учрашув давомида  чет эллик корхона Тошкент вилоятида мактабгача таълим муассасалари барпо этиш лойиҳасини амалга оширишга киришганлиги таъкидланди. Ҳозирги кунда Қибрай туманида битта боғча қурилмоқда.

Шу куни Даврон Ҳидоятов “Korzinka.uz” супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов билан ҳам музокоралар ўтказган. Мулоқотда Юқори Чирчиқ туманида қиймати 38 миллион АҚШ доллари бўлган юкларни сақлаш ва тақсимлаш омбори қурилиши масаласи муҳокама қилинди. 400 дан ортиқ янги иш ўрни яратиладиган мазкур лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган механизм, шарт-шароитлар атрофлича муҳокама қилинди.

Шунингдек, Даврон Ҳидоятов янги ташкил этилган Ўрта Чирчиқ тумани маъмурий марказида бўлиб, бу ердаги ишлар билан танишди.

Маълумки, Нурафшон шаҳри Тошкент вилояти маъмурий марказига айлангани туфайли Ўрта Чирчиқ туман марказини ташкил этиш ва ижро этувчи ҳокимият органлари бўлим ва ташкилотларини кўчириш зарурияти юзага келган эди.

Ҳозирги кунда туман маъмурий маркази тўлиқ қуриб битказилган бўлиб, бунда туманнинг барча корхона ва ташкилотлари шаҳарчага жойлашган. 

Дастлаб Даврон Ҳидоятов қуриб битказилаётган Ички ишлар бўлими биноси ҳамда 400 қатновга мўлжалланган туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида бўлди. Сўнгра туман ҳокимлиги ва халқ энг кўп мурожаат қиладиган Давлат хизматлари маркази имкониятлари билан яқиндан танишди.
 
Шундан сўнг, вилоят ҳокими 300 минг бош парранда парваришланиши  режалаштирилаётган “Agro stella” МЧЖ ва "Авангард-Агро-Импекс” МЧЖ томонидан барпо этилган  замонавий иссиқхона билан яқиндан танишди.

Ҳидоятов туман ҳокимлари ва туман ҳокимларининг ўринбосарлари ва тегишли ташкилотлар раҳбарлари иштирокида сувни тежовчи замонавий технологияларни кўздан кечиришди. 

Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси маълумотларига кўра, Тошкент вилоятида жорий йилда 13 минг гектар ерни томчи, 5 минг гектар ёмғирлатиб, 4 минг 400 гектар ерни эса эгилувчан қувурлар ёрдамида, шунингдек 16 минг гектар ерни лазерли ускуналарда текислаш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 январь куни Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Даврон Ҳидоятов Тошкент вилояти ҳокими этиб тайинланди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 256
Рейтинг: 3.1
t
×