Тошкент вилоятининг айрим электр таъминоти корхоналари судга берилиши мумкин
Жамият
−
25 Ноябрь 2020
5703Монополияга қарши курашиш қўмитаси Тошкент вилоятининг айрим электр таъминоти корхоналарини судга бермоқчи. Бу ҳақда Қўмита Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Олмалиқ шаҳридаги 279-сонли электр трансформаторга уланган истеъмолчилар огоҳлантирилмасдан электр таъминотидан узилган. Натижада Тошкент вилояти Монополияга қарши курашиш ҳудудий бошқармаси томонидан “Олмалиқ шаҳар электр таъминоти” корхонаси раҳбари Анваржон Уразалиевга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 178-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, Олмалиқ шаҳар маъмурий судига ҳужжатлар юборилган.
Шунингдек, жорий йилнинг октябрь ойида Тошкент вилояти Зангиота туманида яшовчи аҳоли электр энергиясидан қарздорлик сабаб узиб қўйилган. Кейинчалик тегишли тўловлар амалга оширилиб, корхонада тармоққа қайта улаш бўйича аризалар мавжуд бўлишига қарамай, истеъмолчиларни электр тармоғига қайта улаш ишлари кечиккан.
Юқоридаги ҳолат юзасидан “Тошкент ҳудудий электр тармоқлари” АЖга “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддаси 1-қисми бузилгани бўйича кўрсатма берилган.
“Тошкент ҳудудий электр тармоқлари” АЖ корхонаси томонидан кўрсатманинг ижросини таъминлаш тўғрисидаги 517-сонли буйруқ қабул қилиниб, унга асосан кўрсатилган қонун бузилиш ҳолатлари шаҳар ва туман электр таъминоти корхоналари раҳбар ҳодимлари билан атрофлича ўрганиб чиқилган ва барча раҳбар ходимлар келгусида қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантирилган.
Шунга қарамасдан, 20 ноябрь куни Тошкент туманида қарийб 17 минг электр энергия истеъмолчиси қарздорлик сабаб, амалдаги тартиб бўйича АСКУЭ тизими автоматик равишда таъминотни тўхтатган. Ўз навбатида, юқоридага ҳолат жойига чиқиб ўрганилганда истеъмолчилар томонидан фойдаланилган электр энергияси учун қарзлар тўлангандан кейин ҳам электр тармоғига қайта уланмагани аниқланган.
Шунга ўхшаш ҳолат жорий йилнинг 21-22 ноябрь кунлари Қибрай ва Зангиота туманларида ҳам қайд этилган.
Ҳозирги кунда ҳудудий бошқарманинг жорий йил 29 октябрь ойидаги кўрсатмаси бажарилмагани сабаб Тошкент, Зангиота, Қибрай тумани электр тармоғи корхоналари раҳбарларига нисбатан маъмурий ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тегишли тартибда кўриб чиқиш учун маъмурий судга юбориш чоралари кўрилмоқда.
Динара Юсупова
LiveБарчаси