Тошкент вилоятидаги ҳайвонот боғида шерлар қоровулни еб қўйди
Жамият
−
18 Декабрь
1776Тошкент вилояти Паркент туманида жойлашган ҳайвонот боғида 3 та шер боғ қоровулини еб қўйди. QALAMPIR.UZ мазкур ҳолатни батафсил ўрганиш мақсадида воқеа содир бўлган жойга етиб келди.
Ҳолат жорий йилнинг 17 декабрь куни соат тахминан тонгги 05:00 ларда содир бўлган. Ҳайвонот боғида сақланаётган 3 та Африка шери катак эшиги очиқ қолдирилганидан фойдаланиб, ҳайвонот боғи ҳудудига чиқиб кетган.
Шерларни 44 ёшли қоровул катакка қайтармоқчи бўлган. Оқибатда йиртқичлар қоровулга ҳужум қилган ва уни ўлдириб, емиш сифатида тана аъзоларини истеъмол қилган.
Мазкур ҳолат ҳайвонот боғи ходимлари томонидан соат 09:00 ларда аниқланиб, 2 та шер ухлатувчи дори воситалар қўлланилган ҳолда катакка қайтарилган, 1 та шер маҳаллий овчи томонидан отиб ўлдирилган.
Шу куни соат 10:00 да воқеа жойига туман ИИБ навбатчилик гуруҳи, туман прокурори, туман прокуратураси терговчиси, вилоят экология бошқармаси ходимлари ва ИИБ махсус қуролланган жанговар гуруҳи чиқиб, воқеа жойи ва марҳумнинг жасади қолдиқлари кўздан кечирган ҳамда СТЕ ва ДНК экспертизалари тайинланган.
Шунингдек, паркда мавжуд бўлган барча йиртқич ҳайвонлар саноқдан ўтказилиб, улар жой-жойида эканлиги ва катаклар маҳкамланган ҳолдалиги аниқланган.
Ҳозирда Паркент туман прокуратураси тергов-тезкор гуруҳи ва Экология вазирлиги ҳамда “Тошкент ҳайвонот боғи” ДМ мутахассислари томонидан зарур текширув ва суриштирув тадбирлари ўтказилмоқда.
Ҳудудда яшовчи аҳоли QALAMPIR.UZ билан суҳбатда ҳайвонот боғининг тураржойлар яқинида жойлашганидан норози эканини билдириб, бер неча органларга мурожжат қилгани, аммо ўзлари кутган жавобни ололмаганини билдирди.
Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси матбуот котиби Бобур Тўлганов эса QALAMPIR.UZ билан суҳбатда аҳоли томонидан келиб тушган аризалар ҳақида тўхталмади, бироқ воқеа юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
LiveБарчаси