Тошкент вилоятида судья дабдабали тўй қилдими? (видео)

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоят судининг судьяси Хайрулло Раҳмонов вояга етмаган фарзандининг таваллуд кунини дабдаба билан нишонлангани ҳақида видеохабарлар тарқалди. Видеоларда маросимда таниқли санъаткорлар иштирок этганини кўриш мумкин. Мазкур ҳолат юзасидан Судьялар олий кенгаши муносабат билдирди.

Қайд этилишича, ушбу ҳолат Судьялар олий кенгаши томонидан хизмат текшируви ўтказиш йўли билан ўрганилган. Ўрганишда судья қариндошининг хонадони бўлиб ўтган тадбирда иштирок этгани, видео лавҳадаги судьянинг ўғли деб келтирилган вояга етмаган бола ҳам, тадбир бўлаётган ҳовли ҳам судьяга эмас, балки қариндошига тегишли экани аниқланган.

“Судья оиласи билан кўп қаватли уйнинг квартирасида истиқомат қилади, фарзандларининг барчаси вояга етган, энг кичик фарзанди йигирма икки ёшда”, дейилади хабарда. 

Билдирилишича, судья хизматдан ташқари вақтда қариндошининг уйида бўлган тадбирда иштирок этгани ва ўзини тутиши билан Судьялар одоби кодекси қоидаларини бузган-бузмагани ҳолатига баҳо бериш учун материаллар кенгаш ҳузуридаги Судьялар одоб комиссияга берилган.

Маълумот учун, “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 62-моддасида судья ўз ваколатларини амалга оширишда, шунингдек хизматдан ташқари муносабатларда Судьялик одоби кодекси талабларига риоя этиши, суд ҳокимияти обрўсини, судьянинг шаъни ва қадр-қимматини тушириши ёки унинг беғаразлиги, холислиги ва адолатлилигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатдан ўзини тийиши кераклиги белгилаб қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров қизининг тўй базмини дабдабали тарзда ўтказгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода вазир Қўчқоров ҳам акс этган бўлиб, у қизи Севинч ҳамда куёви Саидали Убайдуллаевни табриклаган. Тўй маросими қайси тўйхонада ўтказилгани аниқ эмас. Бироқ маросим ўтказилган жой жуда катта ҳашамат билан безатилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент тўй судья Хайрулло Раҳмонов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг