Тошкент вилоятида канализацияни тозалаётган 3 киши заҳарланиб ўлди
3-саҳифа
−
21 Июль 2023
10216Тошкент вилоятида носоз канализацияни тозалаётган 3 нафар эркак заҳарли газдан бўғилиши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
Жорий йилнинг 20 июль куни соат 10:30 атрофида Тошкент вилояти Нурафшон шаҳри “Тўйтепа” МФЙ ҳудудидан ўтган Тошкент йўли кўчасида жойлашган “Р.М.” автодўкони олдидаги иккинчи даражали йўл остидан ўтган оқова сув тармоғи қудуғига тушиб, тозалаш ишларини олиб бораётган “Тошкент коммунал қурилиш сервис” масъулияти чекланган жамиятининг 57 ёшли ходими А.Қ. қудуқдан чиққан заҳарли газ аралашмасидан бўғилиб, ҳушидан кетган. Унга ёрдам бериш мақсадида қудуққа тушган 23 ёшли М.С.,55 ёшли Е.К. ва 27 ёшли Ш.Ф. лар ҳам газ таъсирида ҳушини йўқотган. Оқибатда А.Қ., М.С. ва Е.К. ҳодиса жойида вафот этган. 27 ёшли Ш.Ф. эса ҳушсиз ҳолатда Нурафшон шаҳар марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Нурафшон шаҳар суд-тиббий экспертизасининг 2023 йил 20 июлдаги дастлабки маълумотига кўра, А.Қ., М.С. ва Е.К.лар водород сульфидидан ўткир заҳарланиш ҳамда ўткир нафас юрак қон-томир етишмовчилиги туфайли вафот этган.
Ҳолат юзасидан Нурафшон шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шаҳар прокуратураси томонидан терговнинг бориши назоратга олинган бўлиб, натижаси ҳақида ахборот берилиши таъминланади.