Тошкент вилоятида ИИБ машинасидан сакраган фуқаро вафот этди
3-саҳифа
−
07 Август
10899Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида йўлда ҳаракатланиб кетаётган ички ишлар бўлими машинасидан ўзини ташлаган фуқаро вафот этди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳолат жорий йилнинг 26 июль куни содир бўлган. Тумандаги “Ҳамид Олимжон” МФЙда яшаган Т.М. исмли фуқаро соат 01:30 да “Қўштепа” МФЙдаги автомобилларни ювиш шохобчасида маст ҳолатда жамоат тартибини бузган. Маҳаллий аҳоли томонидан қилинган чақирувга асосан келган ИИО ходимлари Т.М.нинг мастлик ҳолати тарқалгунига қадар Бўка тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли ҳушёрхонага олиб бориш учун ўзларига бириктирилган хизмат автомашинасида ҳаракатланган. Бироқ, хизмат автомашинасининг орқа ўриндиғида ўтириб кетаётган фуқаро Т.М. ходимлардан қочиш мақсадида эшикни елкаси билан итариб очган ва ўзини ерга ташлаган.
Тиббиёт бирлашмасининг маълумотига кўра, эркакда “бош қисмининг ички ва ташқи жароҳатлари, шилинган, бурун суяги синиши ва бошқа тан жароҳатлари ҳамда алкоголь мастлик ҳолати” аниқланган. Жарроҳлик амалиёти ўтказиш зарурати сабабли фуқаро Бекобод тумани марказий шифохонасига олиб борилган, бироқ кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан бир қатор тергов ҳаракатлари ўтказиш мақсадида, Оққўрғон тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда ИИО ходимлари ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, тергов жараёни вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятининг Риштон тумани ИИБ биносида фуқаро ҳушини йўқотгани ортидан ходимларга хизмат текшируви тайинланганди. Шунингдек, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида профилактика инспектори хотини, боласи ва ўзини отиб ўлдиргани ҳақида хабар берилганди.