Чирчиқда фожиа. Бир оиланинг 4 аъзоси тириклайин ёниб кетди
Жамият
−
27 Март 2019
9768Бугун, 27 март куни Тошкент вилоятида юз берган ёнғинда бир оиланинг тўрт аъзоси ёниб кетди. Бу ҳақда ДЁХХ Матбуот хизмати хабар берди.
Тошкент вилояти ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг Куч ва воситаларини бошқариш ва мувофиқлаштириш марказига соат 00:29 да Чирчиқ шаҳри “Бобур” МФЙ Машар кўчасидаги 17-уйда ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақида хабар келиб тушган.
Воқеа жойига зудликда 6 та ёнғин ўчириш экипажлари жалб этилган. Ёнғин ўчириш бўлинмалари соат 00:39 да кўрсатилган манзилга етиб борган вақтида уй очиқ аланга билан ёнаётганлиги маълум бўлган. Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 01:20 да қуршаб олиниб, соат 01:58 да бартараф этилган.
Ёнғин оқибатида 200 кв.метр майдонда уйнинг томи, шифти ва ички жиҳозлари ёниб зарарланган. Уйнинг 100 кв.метр майдони сақлаб қолинган.
Ачинарлиси, ёнғин жараёнида шу уйда яшаган 8 нафар оила аъзоларидан 4 нафари яъни, 33 ёшлик фуқаро Б.Р, унинг рафиқаси ҳамда икки нафар 8 ва 12 ёшдаги фарзандлари вафот этган.
Ҳозирда ёнғин ҳолати юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.