Тошкент вилоятида бир оиланинг 4 нафар аъзоси заҳарланишдан вафот этди
3-саҳифа
−
19 Февраль 2023
10298Тошкент вилояти Оққўрғон туманида бир оиланинг 4 нафар аъзоси овқатдан заҳарланиб вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
Жорий йилнинг 17 февраль куни Оққўрғон тумани, “Бирлик” маҳалласида яшаган фуқаролар – А.З., С.Х. ва М.Х. ўз хонадонида номаълум этиологик заҳарланишдан вафот этган. Бундан ташқари, ушбу оиланинг 4 нафар фарзанди номаълум этиологик заҳарланиш ташхиси билан Оққўрғон туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан воқеа жойига вилоят мутасадди ходимлари чиқиб ўрганиш олиб борган.
Воқеа жойини кўздан кечириш давомида экспертиза текшируви учун қовурилган балиқ, овқат қолдиқлари, помидор-бодринг тузламалари, олчадан тайёрланган шарбат қолдиқлари, хонадонда тайёрланган холодец қолдиқлари, сув ҳамда бошқа озиқ-овқат маҳсулотларидан намуналар олинган.
Шунингдек, кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамасдан 2004 йилда туғилган оиланинг ўғли Оққўрғон туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида соат 16:30да вафот этган.
Суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки маълумотномасида 4 нафар шахснинг ўлими бўйича ташҳисда ис газидан ўткир заҳарланиш, мурда доғларининг оч пушти рангдалиги, ички аъзолар пушти рангга кириши, қоннинг суюқ ҳолати, мия ва ўпка шиши, номаълум этиологияли овқатдан заҳарланиш ҳолатлари қайд этилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.