Тошкент вилоятида 24 ёшли йигит 4 яшар қизга жинсий тегажоғлик қилгани айтилди
3-саҳифа
−
20 Декабрь 2023
14447Болалар омбудсманига Тошкент вилояти Келес шаҳрида яшовчи фуқародан унинг 2019 йилда туғилган қизига нисбатан болалар боғчасида жинсий тегажоғлик қилингани ҳақида мурожаат келиб тушди. Бу ҳақда Болалар омбудсманининг Telegram-каналида маълум қилинди.
Қайд этилишича, ушбу ҳолат Келес шаҳридаги хусусий боғчада юз берган. Болалар омбудсмани мазкур мурожаатни Бош прокуратура билан биргаликда ўрганиши натижасида хусусий боғчада бўлган вақтида болага нисбатан жинсий тегажоғлик қилингани юзасидан 2023 йил 15 декабрда Жиноят кодексининг 129-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда Тошкент тумани ИИБ ТБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, Тошкент тумани, Келес йўли кўчасида хусусий боғча эгаси З.Х. ўзи яшаб келаётган уйида 2023 йил 1 декабрдан бошлаб тегишли равишда рухсатнома олмасдан, ҳеч қандай лицензиясиз болалар боғчаси ташкил этган.
Тошкент тумани санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими томонидан ушбу хонадон ўрганилганда, бу ерда санитария қоидалари жиддий равишда бузилгани ва боғчада ишлаган Г.Қ., З.Х.лар тиббий кўрикдан ўтмагани аниқланган.
QALAMPIR.UZ ихтиёрига келиб тушган ҳужжатга кўра, қизчага нисбатан жинсий тегажоғлик қилишда айбланаётган йигит хусусий боғча эгасининг ўғли ҳисобланади. Қизчанинг онаси йигит қўли билан фарзандининг жинсий аъзосига тегиб, унга нисбатан уятсиз бузуқ ҳаракатлар қилганини билдирган.
Болалар омбудсманининг қайд этишича, тергов давомида фуқаро З.Х.нинг лицензия олмасдан мактабгача таълим муассасаси очиб фаолият кўрсатганлиги ҳолатига ҳам ҳуқуқий баҳо берилмоқда.
“Мазкур жиноят иши тергови вилоят прокуратураси, Бош прокуратура томонидан назоратга олинган ҳамда Болалар омбудсманининг бола манфаатлари юзасидан кузатуви остида”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг май ойида Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги 230-сонли мактабгача таълим ташкилоти мудирасининг 11-синф ўғли боғча тарбияланувчилари бўлган бир неча қизларга тегажоғлик қилганди.