Тошкент вилоятида 10 минг долларлик дорини машина эшигига яширганлар ушланди (видео)
3-саҳифа
−
28 Январь
5054Тошкент вилоятида кучли таъсир қилувчи дориларни автомобиль эшиклари орасига яшириб олиб ўтаётган шахслар ушланди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, вилоятда ўтказилаётган “Хавфсиз ҳудуд” тезкор профилактик тадбири доирасида Бош бошқарма Тезкор қидирув хизмати, Бўстонлиқ шаҳар ички ишлар бошқармаси ва ДХХ ҳудудий бўлинмаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбири давомида 1994 йилда туғилган фуқаро Э.З. ва унинг тенгдоши Х.Қ. қўлга олинган.
Ушбу шахслар автомашина эшигининг ички қисмида хуфиёна тарзда яширилган 760 дона турли ном ва кўринишдаги кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб кетаётган вақтда далилий ашё билан ушланган. Қора бозордаги тахминий қиймати 10 минг АҚШ долларидан ошувчи мазкур дори воситаларини Бўстонлиқ тумани ҳудудига олиб ўтиш мақсадида олиб келганликлари аниқланган.
Билдирилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳридаги хонадондан ҳар хил турдаги гиёҳванд ва психотроп моддалари ва уларни қадоқлашда керак бўладиган буюмлар сақлаган шахс қўлга олинган эди.