Тошкент шаҳри бюджети тасдиқланди
Жамият
−
08 Январь
2926Жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинмаган ҳолда Тошкент шаҳрининг бюджети тасдиқланди. Бу ҳақда 2024 йил 26 декабрь куни халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши томонидан қабул қилинган “2025 йил учун Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорда келтирилган.
Унга кўра, Тошкент шаҳри ялпи ҳудудий маҳсулоти 2025 йил 8 фоиз, 2026 йил 7,5 фоиз, 2027 йил 7,2 фоиз ўсиши прогноз қилинмоқда. Жумладан, мазкур кўрсаткич жорий йилда 302,3 трлн сўмни ташкил этиши кутилмоқда.
Пойтахт туманлари ҳисобланмаганда бюджет даромадлари 9 трлн 434 млрд сўм прогноз қилинган. Бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 47 фоизга (6,4 трлн сўм), 2024 йилга нисбатан 14 фоизга (8,07 трлн сўм) кўп. Тартибга солувчи трансфертлар ва туманлар бюджети билан ҳисоблаганда жами даромадлар 11,4 трлн сўмни ташкил этиши зарур. Бунда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи Тошкент шаҳри бюджети даромадларининг энг катта қисмини ташкил қилади, яъни 1,8 трлн сўм. Кейинги ўринлардаги йирик даромад манбалари юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи (1,59 трлн сўм) ва фойда солиғи (1,07 трлн сўм) ҳиссасига тўғри келади. Бундан ташқари, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи – 977 млрд сўм, айланмадан олинадиган солиқ – 913 млрд сўм, акциз солиғи – 730 млрд сўм, давлат божи – 682 млрд сўм, йиғимлар – 460 млрд сўм, давлат улуши бўйича дивидендлар ва давлат корхоналари фойдасидан ажратмалар – 341 млрд сўмни ташкил этади. Шунингдек, 2025 йилда жами 821 млрд сўм жарималар тўпланиши мўлжал қилинган.
Пойтахт бюджетининг 2025 йилдаги жами харажатларининг чекланган суммаси 9 трлн 697 млрд сўмни ташкил этиши мўлжалланган. Умумий харажатларнинг сезиларли қисми иссиқлик таъминоти хизмати учун пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида юзага келадиган зарарни қоплашга йўналтирилади (2,71 трлн сўм). 2025 йилда жамоат транспортининг брутто шартномаси асосида кўрсатиладиган хизматлар учун субсидиялар бўйича 1,2 трлн сўм, метрополитенда аҳолига чекланган тарифларда хизмат кўрсатиш натижасида кўриладиган зарарни қоплашга 683 млрд сўм ажратилади. Жорий йилда пойтахт бюджетидан кредит ва қарзларни қайтаришга жами 911,9 млрд сўм харажат қилинади. Шунингдек, тиббий суғурта жамғармасига 2,25 трлн сўм, ободонлаштириш бошқармасига 635 млрд сўм, соғлиқни сақлаш бошқармасига 215 млрд сўм, солиқ бошқармасига 184 млрд сўм йўналтирилиши кутилмоқда. Шунингдек, кўп қаватли уйлардаги лифтларни таъмирлаш ва янгилашга 165 млрд сўм сарфланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган эди.
LiveБарчаси