Тошкент шаҳар ҳудуди 18 минг гектарга кенгаяди

Жамият

image

Бугун, 29 июнь куни Тошкент шаҳар ҳокимиятида ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва ҳокимлик мутасаддилари иштирокида Матбуот анжумани ўтказилди.

Матбуот анжуманида шаҳар ҳокимининг ўринбосари Даврон Ҳидоятов Тошкент шаҳар ҳудудини 18 минг гектарга кенгайтириш режаси мавжудлигини маълум қилди.

“Биз Тошкентга 18 минг гектар ерни қўшиб олишни режалаштираяпмиз. Ҳозир масаланинг ҳамма жиҳатлари ўрганилмоқда, ҳали бир тўхтамга келингани йўқ. Вилоят ҳудудининг бир қисмини шаҳарга қўшиб олиш осон иш эмас. Айни пайтда Тошкент ҳудуди 33 минг гектар. Энди тасаввур қилинг, қўшиб олинадиган ер шаҳарнинг ҳозирги ҳудудининг деярли 60 фоизига тенг бўлади”, деб айтиб ўтган Даврон Ҳидоятов.

Шартли равишда “Янги Тошкент” деб аталаётган бу ҳудуд шаҳарнинг шарқида, Чирчиқ дарёсининг чап қирғоғида бўлади. Яқинда Британиянинг Benoy архитектура компанияси ушбу ҳудуднинг бош режаси концепциясини ишлаб чиққан эди.

Унинг айтишича, ҳозир бир нечта компания “Янги Тошкент” бўйича ўз таклифларини тайёрламоқда, улар орасида британияликларникидан ташқари Хитой компаниялари ҳам бор.

“Янги Тошкент”да бир нечта “тортиш марказлари” бўлади, шу жумладан, янги маъмурий ва бизнес ҳудуд, орол ичида қуриладиган уйлар, савдо ҳудуди ва аэропорт бўлиши режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, бу ерда каналлар тармоғи, кўкаламзорлар, боғлар барпо этилиши кўзда тутилаётир. “Янги Тошкент”да жами икки миллионга яқин киши яшаши режалаштирилган.

Шунингдек, Д.Ҳидоятов Тошкентнинг бош режаси тайёр бўлиб қолганини билдирган. У йил охиригача тақдим этилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент шаҳар Янги Тошкент

Баҳолаганлар

282

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг